Ғарбда қурғоқчилик, шарқда сел...


  • 25 Августь, 2022
  • 203

Европада 15 та ўлка кундан кунга кучайиб бораётган қурғоқчилик билан курашмоқда. Қуриб қолган дарёлар эса келаётган қаҳатчиликнинг белгисидир. Осиёда эса мусон ёмғирлари таъсирида Ҳиндистон ва Покистонда юзлаб кишилар ҳаётдан кўз юмди.

Европа ўлкалари бироз вақтдан бери жазирама иссиқ ва қурғоқчиликда бўғилмоқда. Европа иттифоқи ҳайъатининг ҳамкор тадқиқот маркази қитъа сўнгги 500 йилнинг энг қурғоқ даврини бошидан кечираётганини маълум қилди. Европа иттифоқи глобал қурғоқчилик кузатиш уйи ҳам қуриётган дарёлар ва камайиб бораётган сув манбаларининг экин ҳосилларини озайтирганини, ГЭСларда энергия ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатаётганини хабар берди. Италия, Испания, Португалия, Франция, Германия, Голландия, Бельгия, Ирландия, Люксембург, Руминия ва Венгрия билан бирга ЕИ аъзоси бўлмаган ўлкалар Британия, Сербия, Украина билан Молдова ерларининг кўп қисмида қурғоқчилик таҳликаси давом этмоқда. Францияда қурғоқчилик сабабли 10 миллиондан ортиқ уйлар дарз кетди. Қитъанинг 17%и қизил даражали хавф остида бўлиб, бутун умид ноябрь ойидаги ёмғирларда...

Дунёнинг ғарби қуриб бораётган вақтда шарқ эса қуёшга интиқ. Мусон ёмғирлари Ҳиндистонда 50 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Ортиқча ёғингарчиликдан 120 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди. Покистонда эса ҳолат бундан ҳам жиддий. 14 июндан бери 1,8 миллион киши селдан талофат кўрди. Икки ойда 777 киши ҳаётдан кўз юмди.

Бу орада қурғоқчилик электромобил соҳасига қаттиқ таъсир қилди. Дунёнинг тайёрлов базаси ҳисобланган Хитой бошқа Осиё мамлакатларига қараганда сўнгги 60 йилнинг энг иссиқ ёзини ўтказмоқда. Литий ишлаб чиқаришнинг бешдан бирини жам қилган Сичуань провинциясида электр таъминотида узилишлар бўлди. Бу эса ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатди. Кўплаб автомобиль ишлаб чиқарувчилар фабрикасини бекитди.

Цюрих федерал технология институтининг интернет саҳифасида ўрин олган бир тадқиқотда Швейцария Альпларидаги музликларнинг 1931 йилдан 2016 йилгача ўзгариши, эски ва янги фотосуратлар қиёсланиб ўрганилди. Тадқиқотда бу давр оралиғида Альплардаги 1400 атрофидаги музликлар жами ҳажмининг ярмини йўқотганлиги маълум бўлди. Иқлим ўзгаришининг музликларнинг эришини тезлаштираётганига диққат қаратган тадқиқотда 2010 йилдан 2016 йилгача музликларнинг 12%и эриганлиги қайд этилди.


Бошқа мақолалар