Собиқ мустамлакалар мотам эълон қилди


  • 10 Сентябрь, 2022
  • 27

Британия қироличаси Елизавета II ўлими ортидан 5 араб ўлкаси мотам эълон қилди. Булардан Иорданияда 7 кун, Ливан, Бирлашган араб амирликлари, Баҳрайн ва Қувайтда эса 3 кун мотам эълон қилингани маълум бўлди.

70 йил ҳукмдорлик қилган Елизавета 8 сентябрь куни оламдан ўтди. 96 ёшли қироличанинг ўлими Британиядан ташқарида собиқ британ мустамлакаси бўлган баъзи араб ўлкаларида ҳам акс садо берди. Иорания, Ливан, БАА, Баҳрайн ва Қувайт ўлкалари мотам эълон қилди.

Иордания қироли Абдуллоҳ II таъзия билдириб, ўлкасида 7 кунлик мотам эълон қилинганини билдирди. Онаси инглиз бўлган қирол Абдуллоҳнинг Британия билан муҳим алоқалари борлиги маълум.

БАА расмий агентлиги “WAM”нинг хабарига кўра, қироличанинг ўлими сабабли ўлкада бугундан эътиборан 3 кун мотам эълон қилинди. БАА вазирлик девонхонасидан берилган баёнотда ўлкада хусусий ва жамоат соҳалар билан бир қаторда хориждаги элчихоналарда ҳам байроқлар ярмигача туширилганлиги қайд этилди.

Баҳрайн расмий агентлигининг (BNA) хабарида Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо ал Халифанинг қирол Карл III бошчилигидаги бутун қироллик оиласига ва Британия халқига таъзия билдирганлиги айтилди. Ал-Халифа қиролича ўлими сабабли ўлкасида 3 кун мотам эълон қилди.

Қувайт вазирлар маҳкамаси ҳам ўлкада 3 кунлик мотам эълон қилганини билдирди ва бу вақт моайнида байроқлар ярим туширилиши айтилди.

Ливан вазирлар маҳкамасининг расмий “Twitter” аккаунтидан чоп этилган бош вазир Нажиб Микатий имзоли хабарда Елизаветанинг ўлими сабабли бугундан 11 сентябргача бўлган муддатда мотам эълон қилинди. Қироличанинг дафн маросими ўтказиладиган 18 сентябрь куни ҳам мотам эълон қилиниши ушбу хабарда қайд этилди.


Бошқа мақолалар