Украина “Starlink” интернетидан узилди


  • 8 Ноябрь, 2022
  • 183

Миллиардер Илон Маскга тегишли “SpaceX” ширкати Россия ишғоли остидаги Украинага “Starlink” интернет спутникларига уланиш имконини очганди. Лекин ширкат ишлатилган интернет тўловини амалга оширмагани учун Украинада интернет хизматини тўхтатди.

Украиналик ҳарбийлар 24 октябрь куни минг уч юз “Starlink” терминалининг тўловини амалга оширмаганлиги учун интернетга уланиш чекланганини айтишмоқда. Уруш давом этаётган ўлкада “Starlink” спутниклари айниқса украиналик аскарлар орасида фаол ишлатилмоқда ва алоқани таъминлаб турган энг йирик восита ҳисобланар эди.

Сентябрь ойида “SpaceX” Пентагонга мактуб юбориб, мудофаа вазирлигидан Украинадаги “Starlink” интернет хизматининг тўловларини зиммасига олишни талаб қилганди.  Юзага келган норозиликлар ортидан 15 октябрда Маск АҚШ ҳукуматидан ёрдам сўраш қароридан воз кечди. Маск кейинроқ “The Financial Times”га берган интервьюсида “SpaceX”нинг Украинада интернет хизматини ҳеч қандай чекловсиз давом эттиришини айтганди.

“CNN”нинг хабарига кўра, октябрь ойида юз берган интернет узилиши Украина армияси учун катта муаммога айланди. Чунки ўлкада Россиянинг бомбардимонлари сабабли тез-тез интернет узилишлари бўлиб, аскарлар асосан “Starlink” спутниклари орқали интернетга боғланиб, алоқага чиқишлари мумкин эди.


Бошқа мақолалар