- 2021-01-12
Халқаро Амир Темур ҳайрия жамоат фондининг фаоллари ва раёсат аъзоларини навбатдаги йиғилиши Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи Давлат музейининг кичик залида “Амир Темур даври тарихини ўрганишнинг янги истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция билан бирга ўтди. Тадбирда жамоат фондининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган вилоят ва шаҳар бўлимлари раислари, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларидаги бўлим раҳбарлари ҳам иштирок этди. Келгуси йил мана шундай бўлимлар Туркия, Швеция ва қатор Европа давлатларида ҳам очилиши кутилмоқда.
Ўтган ҳафтада икки қардош давлат раҳбарларининг дўстона учрашувлари чоғида 40 дан зиёд муҳим хужжатларни тасдиқланиши оламшумил воқеа бўлганлиги ҳам таькидланди. Бўлим раҳбарлари қаторида И.Ҳошимжонов ҳам Қозоғистонда фонд томонидан бажарилган ишлар борасида баёнот қилди. Айниқса соҳибқирон сиймосида, Амир Темур ролини маромида ижро этган сайрамлик Абубакир Хонхўжаев мактаб ўқувчилари, талабалар ва кенг жамоатчилик орасида таҳсинларга сазовор эканлиги таькидланиб ўтилди. Тадбирда Самарқанд бўлими раҳбари Қўзибой Мамараимов ва Тошкент вилояти бўлими раҳбари Муҳаббатхон Шоюсуповалар “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландилар. Жамоат фондининг Қирғизистон бўлими раҳбари Аҳмад полвон Раҳимов фонд раиси Муҳаммад Алини 80 ёшга тўлиши муносабати билан Қирғиз халқини миллий оқ чепкенини устозни елкасига ёпиб қамчи тақдим этди. Жамоат фонди раиси Муҳаммад Али академик, профессор Дилором Юсуповага, тарих фанлари доктори Омонулла Бўриевга, ТДШУ профессори ҳамюртимиз Адҳамбек Алимбековга, жамғарманинг ҚР бўлими раҳбари И.Ҳошимжонов ва қатор фаолларни халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди таьсис этган кўкрак нишони, яьни медали билан тақдирлаб фонд аъзоларига гувоҳномалар топширди.
Келгусида кўҳна ва навқирон руҳоний марказимиз бўлган Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий мақбарасининг ховлисига Соҳибқирон Амир Темурнинг маҳобатли хайкалини ўрнатишга доир амалий ишларни олиб бориш ҳам назарда тутилди. Жамоат фондининг фаоллари ва раёсат аьзолари янги форматда ўтган йиғилиши юқори савияда ўтганлигини барча иштирокчилар эьтироф этди.