- 2021-05-14
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўлкада юз берган зилзилада қурбонлар сони 46 минг 104 нафарга етганлигини маълум қилди.
Туркия бошчисининг сўзларига кўра, февраль ойи бошида юз берган иккита кучли ер силкиниши натижасида 62 туман, 10 минг 190 қишлоқ ва 11 провинцияда вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Бугунги кунда жами ҳалок бўлганлар сони 46 минг 104 кишига етди.
Ҳозирги вақтда 3 миллион 320 минг киши зилзила жойларидан эвакуация қилиниб, бошқа ҳудудларга олиб кетилган. Шу билан бирга 800 минг киши ўз ҳудудларида бошпана топишган.
1,5 миллиондан ортиқ киши чодирларда, 53 минг киши контейнерларда, 123 минг киши жамоат муассасаларида, 160 минг киши ёшлар ва спорт вазирлиги ётоқхоналарида ва 137 минг киши бутун ўлка бўйича турли меҳмонхоналарда яшаб келмоқда.
Эрдўғон янги қуриладиган аҳоли пунктлари табиий офатларни ҳисобга олган ҳолда қурилишини, масалан, уч қаватдан ошмаслигини таъкидлади.
Ҳозирча эса турк ҳукумати электр, сув, канализация билан жиҳозланган ҳамда йўл, ижтимоий объектлари билан таъминланган мобил контейнер шаҳарчалари қурмоқда. Бу ерда одамлар қийналмасдан яшашлари мумкин.
Эрдўғон “Бизнинг мақсадимиз – икки ой ичида 100 минг контейнер ўрнатиб, бу ерга зилзиладан жабр кўрган ярим миллион кишини кўчириб келишдир. Зарурат бўлган тақдирда биз контейнерлар сонини яна кўпайтиришимиз мумкин” деб гапирди.