- 2019-12-20
Йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгаришга асосан, 5 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида транспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлиги 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 3 апрелдаги қарорига асосан, Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгариш киритилди.
Қоидаларнинг 78-банди қуйидагича таҳрирга ўтказилди:
“Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоят ва туман марказларида, шунингдек шаҳар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади”.
Аввалги қоидага кўра, аҳоли пунктларида максимал ҳаракатланиш тезлиги енгил автомобиллар учун 70 км/соат эди.
Жамоатчилик фаоллари бу тезлик аҳоли пунктлари учун жуда юқори экани, ЙТҲлар ва бунинг оқибатидаги ўлимлар сони ҳаддан ташқари кўплигида тезликнинг ҳам ўрни борлиги, дунё тажрибасида шаҳарлардаги максимал тезлик 60, 50, ҳатто 30-40 км/соатгача чекланганини айтиб келаётган эди.
Расмийлар тезликни тушириш ҳақида бир неча йилдан бери гапириб келаётган, лекин бу амалга ошмай қолаётганди. Ниҳоят, бу – 2023 йилги давлат дастурига киритилди. Дастурда 1 апрелдан бошлаб Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар ва туманлар марказларида тезликни 60 км/соатгача тушириш белгиланганди. Эътиборлиси, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгариш билан нафақат асосий шаҳарлар, умуман республиканинг барча шаҳарларида рухсат этилган тезлик пасайтирилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати шаҳарлардаги радарлар ва камералар янги талаб бўйича қоидабузарликларни қайд этишни бошлагани ёки қачондан бошлаши бўйича ҳозирча маълумот бермади.
kun.uz дан олинди.