- 2024-07-30
Россия оммавий нашрлари қуролли қўзғолон ҳақида хабар беришмоқда.
Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) “Вагнер” хусусий ҳарбий компания бошчиси Евгений Пригожиннинг баёнотидан кейин қуролли қўзғолон уюштириш айби билан жиноий иш қўзғаган.
Нашрларнинг ёзишича, Пригожин билан Россия мудофаа вазирлиги орасидаги зиддият сўнгги нуқтасига етган. Пригожин аввал ҳам бир неча бор мудофаа вазирлигини қаттиқ танқид қилиб чиққанди. Бу сафар у вазирликни “вагнер”чилар устига ракета ҳужуми уюштирганда айблади. “Вагнер” бошчиси “БУ ҳарбий тўнтариш эмас, аксинча мудофаа вазирлигидаги давлат душманларига қарши адолат маршидир” деди.
Россия расмий вакиллари Пригожиннинг ракета зарбалари ҳақида хабарини “ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва иғво ахборот” деб атади.
Бундан ташқари, ФХХ “Тузатиб бўлмас хатога йўл қўймасликка, Россия халқига қарши ҳар қандай куч ишлатиш ҳаракатларини тўхтатишга, Пригожиннинг жиноий ва хиёнаткорона буйруқларини бажармасликка, уни қўлга олишга ёрдам беришга” чақирди.
Ҳозирда “Вагнер” кучлари Ростов вилоятини ва Ростов на Дону шаҳрини бутунлай эгаллаган. Вилоятдаги жанубий ҳарбий округ бош штаби, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси, вилоят администрациясини ўз назоратига олган.
Москвада эса барча куч ишлатар тизимлар тўлиқ ҳарбий ҳолатга ўтиб, шаҳарни қўриқламоқда.