- 2017-04-08
Швеция ташқи ишлар вазирлиги ўлка пойтахти Стокгольмда қурбон ҳайити куни масжид олдида Қуръони карим ёқилишини қоралаб, ирқчилик, хорижликларга душманлик ва бошқа дин мансубларини камситишнинг ўлкада ўрни йўқлигини таъкидлади. Вазирлик ушбу ишни “очиқча иғво” деб атади.
Стокгольмда қурбон ҳайитининг биринчи куни бир масжид олдида Қуръони каримга ўт қўйилиши дунё жамоатчилиги томонидан норозиликка учради. Ислом ҳамкорлиги ташкилоти бу каби иғво ва беҳурматликка қарши “бир қатор чора-тадбирлар” олишга чақирди.
Келаётган норозиликлар тинмагач Швеция ташқи ишлар вазирлиги телеканал орқали ёзма баёнот билан чиқди. Баёнотда “Швеция ҳукумати ўлкадаги намойишларда баъзиларнинг исломофобик чиқишларини, мусулмонлар учун ранжитувчи бўлиши мумкинлигини тушунади. Швеция ҳукуматининг қарашларини ҳеч бир шаклда тамсил этмайдиган ушбу чиқишларни қаттиқ қоралаймиз” дейилган.
Қуръони карим ва бошқа муқаддас китобларнинг ёқилиши “очиқдан очиқ иғво, фитна” дея баҳоланган баёнотда “Ирқчилик, бошқа миллат вакилларига душманлик ва булар билан боғлиқ камситишларга Швеция ёки Европада ўрин йўқ” деб айтилди.