Болқонда АҚШ-Россия ўйини


  • 6 Октябрь, 2023
  • 577

Сербия ва Косова орасидаги зиддият бир кучайиб, сустлашмоқда. Энг сўнггида Сербия АҚШ таҳдиди қаршисида Россиядан керакли дастакни ола олмагач, чегарадаги аскарларига чекинишга буйруқ беришга мажбур бўлди. Булардан маълум бўлмоқдаки, Украинадан кейин АҚШ ва Россия Косова-Сербия можаросида ҳам қарши томонларда бўлади.

24 сентябрь куни Косованинг шимолидаги Манастирда тўқнашув юзага келди. Тўқнашувда жами тўрт киши ҳалок бўлиб, улардан бири полиция ходими эди.

Икки тараф натижада яна юзма-юз келди. Косова Сербияни айблади, серб ҳукумати эса тўқнашувнинг ўзлари билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.

Болқонларда тез-тез юз бераётган тўқнашувлар хаёлимизга “янги уруш бошланадими?” деган саволни келтирмоқда.

Ёдингизда бўлса, Косовада 23 апрелдаги муддатидан аввалги сайловда албанлар ғолиб бўлиши ортидан ўлкада тўқнашувлар юзага келганди. Тўқнашувлар серб аҳолиси зич яшайдиган жойларда кучайди. НАТО ўлкага тинчликпарвар кучларини киритишга мажбур бўлди.

Сербиянинг асл мақсади Косовадаги серб аҳоли яшайдиган жойларни ўз ҳудудига қўшиб олиш эканлиги анчадан бери айтилмоқда. Косова бош вазири Албин Курти ҳам буни гапирди.

Кучайиб бораётган зиддиятни кўрган НАТО Косовага 600 инглиз аскарини жойлаштириб, қўшимча куч жалб этди.

Сербия тўқнашувдан кейин чегарага 8 мингдан ортиқ аскар йўналтирди. Лекин АҚШнинг огоҳлантиришидан кейин аскарлар сонини ярмига камайтирди.

Хўш, Болқонда яннги уруш бошланадими? Россиянинг Украина билан уруши давом этаётган бир вақтда бунинг эҳтимоли жуда кам. Уруш чўзилди. Путин Донбассни Россия ҳудудига қўшиб олишга бошқаларни кўндирса, катта эҳтимол билан уруш тугайди. Лекин Украина билан Ғарб уруш давом этишини ҳар сафар айтишмоқда.

Сербия учун ҳам режалар ўзгарди. Чунки Сербия Россияга ишониб, Косова билан урушмоқчи эди. Лекин Россия чўзилган ушбу урушда ҳам иқтисодий тарафдан заифлади, ҳам Путиннинг “енгилмас” деб баҳоланган имиджига путур етди. Сербия орқасидаги катта кучнинг заифлаганлигини кўриб, қайғуга тушди.


Бошқа мақолалар

  • 2024-10-24
Ўйинчоқ