- 2018-01-09
28 октябрь куни эрталаб соат саккизда Қарағанданинг Костенко номли шахтасида портлаш юз берганлиги маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, лавада метан гази портлаган. Ўша заҳоти “АрселорМиттал Темиртау” раҳбарияти воқеа жойида 7 кончининг жасади топилганлигини маълум қилди. Ҳалокат вақтида шахтада жами 252 киши бўлган, ер юзасига 205 нафарини чиқариб олишга улгуришган.
Бир соат ўтгач, қурбонлар сони 11 тага етди, касалхонага турли тан жароҳатлари билан 18 киши етказилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кончиларнинг ўлими бўйича таъзия билдириб, “АрселорМиттал Темиртау” билан ҳамкорликни тўхтатишга кўрсатма берди.
Соат 10 да ҳалок бўлганлар сони 16 тага етди. Бош прокуратура шахтадаги ҳалокат юзасидан судгача бўлган тергов иши бошлади. Воқеа жойига бош прокурор ўринбосари Тимур Ташимбаев ва ички ишлар вазири ўринбосари Қайрат Сунтаев етиб келди.
Соат 11 да ҳукумат “АрселорМиттал Темиртау”ни Қозоғистон республикаси балансига ўтказиш бўйича келишув расмийлаштирилганлигини билдирди.
Ўша куни тушлик вақтида Қосим-Жўмарт Тўқаев Қарағанда вилоятига етиб келиб, кончиларнинг қариндошлари билан учрашди ва 29 октябрь кунини умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.
Бугун эрталаб Костенко шахтасидаги сўнгги кончининг жасади топилиб, жами қурбонлар сони 46 кишига етди.
Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов “Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 45 нафар кончининг жасади ва бир нафар кончининг жасад қолдиқлари топилди. Ҳозирда 40 нафарининг шахси аниқланган. 6 нафарининг шахсини аниқлаш учун зарурий экспертизалар ўтказилмоқда” деб маълум қилди.