- 2014-12-12
Берлиннинг оптик сенсор тизимлар институти, радиоастрономия институти ва бошқа техник олийгоҳнинг немис астрофизиклари Венера сайёрасининг кундузги атмосферасида илк бор кислород атомини аниқлашди. Бу ҳақда илмий мақола “Nature Communications” илмий журналида чоп этилди.
Сайёрашунослар Венеранинг кундузги ва тунги атмосферасида атом ҳолатидаги кислород шакли мавжуд эканлигини анчадан буён гумон қилишмоқда эди. Сайёра атмосферасида ис гази ва карбонат ангидриднинг юқори даражалари аниқланган бўлса ҳам кислороднинг элементар шаклини унинг ўта реакцияга киришувчанлиги сабабли топиш жуда қийин бўлди.
Тадқиқот гуруҳи ўз ишида Венера атмосферасининг 17 та нуқтасига диққат қаратишди. Барча нуқталарда кислороднинг атом шакли мавжудлиги аниқланиб, қуёш системасидаги иккинчи сайёранинг қуёш тушадиган тарафида илк бор кислород атоми кузатилди.
Тадқиқотчилар ис гази ва карбонат ангидриднинг қуёш нури таъсирида парчаланиб кислород ҳосил қилишини тахмин қилишмоқда. Улар яна бу кислород атомларининг сайёранинг қоронғу томонига ҳам кучли шамол ёрдамида етиб боришини тахмин қилишмоқда. Венеранинг қоронғу томонига ўтган кислород атоми молекуляр кислородга айланиб, бошқа элементлар билан реакцияга киришиш эҳтимоли мавжуд.
Олимларнинг фикрича, Венера атмосферасидаги атомли кислород сайёрага совутиш таъсирини кўрсатади. Чунки кислороднинг алоҳида атомлари бошқа молекулалар, масалан ис гази, билан тўқнашганда энергия молекулага ўтиб, кейин у нурланиб кетади. Бунинг натижасида Венера атмосферасининг юқори қатлами совийди.