Қишда двигателни қиздириш керакми?


  • 15 Декабрь, 2014
  • 1364

Қиш фаслида аксарият ҳайдовчилар йўлга чиқишдан олдин автомобиль двигателини қиздиришади. Аслида бунга ҳожат борми? Мутахассислар фикрига қулоқ тутамиз.

“General Motors” техник мутахассислари таъкидлашича, замонавий автомобилларнинг двигателларини узоқ вақт қиздиришга ҳожат йўқ. Энг яхшиси, моторни ўт олдиргандан сўнг бир дақиқа ўтгач машинани юргизиш мумкин, бу моторнинг тезроқ ва самарали қизишига олиб келади. Дастлабки дақиқаларда машинани аста, акселератор педалини охиригача босмасдан ҳаракатлантириш тавсия этилади.

Моторнинг тез ва самарали қизиши айнан ҳаракат вақтида юз беради, бу печканинг ишлашига ҳам тааллуқли. Ҳаво ҳарорати 20 даражадан паст бўлганида мотор машина ҳаракатисиз қиздирилса, двигатель нафақат қизимайди, балки картер вентиляция тизимининг музлаб қолгани оқибатида ишдан чиқиши ҳам мумкин. Моторнинг бундай ҳолатда қиздирилиши мойнинг эскиришига ва двигателнинг бузилишига, бундан ташқари, ёнилғи сарфининг ошишига ҳам олиб келади.

Бу борада мустақил экспертлар қуйидаги фикрларнинг қай бирига қўшилишади:

- Қиздиришнинг кераги йўқ, калитни бураб йўлга тушиш мумкин.

- Двигателни бир-икки дақиқа қиздириш керак.

- Машинани юргизишдан олдин моторни яхшилаб қиздириш лозим.

Санкт-Петербург политехника университети профессори Александр Шабанов “ўрта” жавобни танлади. Унинг фикрича, моторни бир дақиқа қиздиргач, йўлга тушиш мумкин. Тажрибалардан маълум бўлишича, моторни ярим-бир дақиқа қиздириб, машина тезлигини кескин оширмасдан, аста ҳаракатланиш керак. Бирданига катта тезликка чиқиш двигатель учун хавфли, дейди Шабанов.

Шундай қилиб, қиш пайтида двигателни қиздириш керак, фақат озгина. Сизга оқ йўл тилаймиз!


Бошқа мақолалар