Сохта стоматолог қамалди


  • 5 Декабрь, 2023
  • 103

Туркиянинг Истанбул шаҳрида стоматология клиникаси фарроши ўзини шифокор деб таништириб, тиши оғриб келган беморнинг заруратсиз тўртта олдинги тишини олиб ташлади.

Маълумотларга кўра, 42 ёшли Ҳоқон Йилдиримнинг тиши оғриб қолган. У хусусий стоматологияга қўнғироқ қилганида гўшакни фаррош Жамол Шенаслан кўтариб, уни кечқурунги кўрикка чақиради. Бемор кўрикка келганида Шенаслан малакали шифокор эканлигидан ташқари университетда ҳам дарс беришини айтади.

Кўрикдан кейин фаррош беморга олдинги тўртта тишини суғуриб ташлаш кераклигини маълум қилади. Бундан ажабланган бемор абцессли тишни суғуриш мумкин эмаслигини айтиб, эътироз билдиради. Сохта тиш шифокори бундан аччиқланиб “Сиз менга ишимни қандай қилишим кераклигини ўргатмоқчимисиз?” деб дўқ қилади. Бемор унинг бу гапларидан кейин ўзини “стоматолог” қўлига топширади.

Фаррош беморга оғриқни қолдирувчи укол қилиб, олдинги тўртта тишини суғуриб ташлайди. Сўнгра уни дорихонага керакли дориларни олиш учун юборади. Дорихонада унга рецептда шифокор муҳри йўқлиги учун дориларни сотишдан бош тортадилар.

Эрталаб бу масалани ҳал этиш учун шифохонага келган Ҳоқон уни кеча даволаган кишининг шифокор эмаслигини аниқлайди.

Ҳоқон Йилдирим судга мурожаат қилади. Сўнгра жиддий оқибатлар натижасида касалхонага ётқизилган.

Суд сохта шифокорга 2,5 йил қамоқ жазоси бериб, Йилдирим кўрган зарарни қоплашга ҳукм қилди. 


Бошқа мақолалар