Қўшни ўлка бир қисмини ўзиники деб эълон қилди


  • 7 Декабрь, 2023
  • 110

Венесуэла президенти Николас Мадуро референдум натижаларига кўра қўшни Гайананинг ғарбий қисми Эссекибони ўз ўлкасининг 24-штати деб эълон қилди.

Мадуро ўлка армиясини ҳаракатга келтириб, давлат нефть концернига зудлик билан табиий заҳираларга бой минтақада нефть ва газни қайта ишлашга лицензия беришга кўрсатма берди. Делимитизация қилмаган денгизда иш олиб бораётган нефть компанияларига чиқиб кетиш учун уч ой муҳлат берди.

Мадуро “Биз яхшилик билан, халқаро ҳуқуқларга ҳурмат кўрсатган ҳолда ҳаракат қиляпмиз” деди. Бундан ташқари президент яқин кунларда барча таълим муассасаларга Гайана-Эссекибо штати қўшилган Венесуэланинг янги харитаси юборилишини маълум қилди.

3 декабрь куни Венесуэлада баҳсли референдум бўлиб ўтди. Референдум натижаларига кўра, 95% аҳоли Эссекибони Венесуэла таркибига қўшиб олиш тарафдори бўлган. Гайана президенти Ирфаан Али референдумни ишғол учун баҳона деб атади. Гайана бош прокурори Анил Нандлал агар Венесуэла ҳаракатни бошлайдиган бўлса БМТ хавфсизлик кенгашига ёрдам сўраб мурожаат қилишини билдирди.

Эссекибо Гайана ўлкасининг учдан икки қисмини ташкил этади. Эссекибода 125 минг 800 киши истиқомат қилади.

Венесуэла ярим асрдан буён Эссекибонинг ўзиники эканлигини даъво қилиб келади. 2015 йили “ExxonMobil” нефть концерни томонидан минтақада бой нефть заҳиралари топилганидан кейин даъволар кучайди. Жорий йилнинг октябрь ойида Эссекибода яна бир камида 10 миллиард баррелга тенг бой нефть заҳираси топилди. Бу Қувайт ёки Бирлашган араб амирликларидаги нефть заҳирасидан кўп.


Бошқа мақолалар