- 2022-10-17
Қирғизистонда юз берди деб ҳисобланган 7 баллик зилзила маркази Шарқий Туркистон эканлиги маълум бўлди. АҚШ геологик тадқиқотлар ташкилоти ер қимирлаш Хитойнинг Синжан уйғур автономиясидаги Айкўл қишлоғида юз берганлигини билдирди. Қозоғистоннинг Алмати шаҳри ва вилояти ҳамда Қирғизистонда ҳам сезилган зилзиладан кейин аҳоли орасида катта ваҳима бошланди.
Зилзиладан кейин Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеев баёнот билан чиқди. Ажикеев зилзила маҳаллий вақт билан соат 00:09 да Хитой ҳудудида юз берганлигини айтиб, Қирғизистоннинг Хитой чегарасига яқин ҳудудларида кучли силкинишлар қайд этилганлигини маълум қилди. Қирғизистон ҳудудида ҳеч бир қурбонлар ва вайронагарчилик бўлмаган.
Қозоғистон миллий сейсмологик кузатув ва тадқиқот маркази раиси Давлет Сарсенбаев берган баёнотида зилзила Алмати шаҳри ва вилоятида кузатилганлигини маълум қилди.
Қозоғистонда 23 январь кечаси соат 00:09 алматиликлар кучли силкинишларни ҳис қилишган. Алмати билан бир вақтда Алмати ва Жетису вилоятларида ҳам ер ости силкинишлари қайд этилган.
Алмати шаҳридаги аҳоли шошилинч уйларини тарк этиб, шаҳар кўчаларида автомобиллар тиқини юзага келди.
Шаҳардан чиқишда тиқинлар юзага келиб, ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлди. Одамлар янги силкинишлардан қўрқиб шаҳарни тарк этишга шошилишди.
Алмати шаҳар фавқулодда вазиятлар департаментининг хабарига кўра, зилзила кучи 5 бални ташкил этган.
Соат 00:42 да алматиликлар такрорий ер силкинишларини ҳис этишди. Алмати шаҳар фавқулодда вазиятлар департаменти бошлиғи Нурлан Атигеев шаҳар аҳолисига хотиржамликни сақлаб, ваҳимага берилмасликни ва бироз вақт кўчада бўлиб туришларини сўради. Бу билан бирга департамент шаҳарда қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқлигини расман хабар берди.
Учинчи ер силкиниши соат 01:40 да юз берди. Тебранишлар жуда кучсиз бўлиб, баъзилар буни умуман сезишмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, соат 01:00 дан бошлаб жами 44 киши турли даражадаги тан жароҳати билан мурожаат қилган. Булар асосан боши лат еганлар, оёқ ва қўл пайлари чўзилиши каби жароҳатлардир.
Бундан ташқари бугун Алматида мактаб ва коллежларда биринчи сменадаги дарслар бекор қилинди. Болалар боғчаси эса одатдагидек ишини давом эттирмоқда.