Германия миллиард евро зарар кўриши мумкин


  • 25 Январь, 2024
  • 54

Жорий йилнинг январь ойида темир йўлчилар уч кун иш ташлаш қилганди. Энди эса “Deutsche Bahn” поездлари машинистлари олти кунлик иш ташлаш эълон қилишди. Мутахассисларнинг фикрича, бу бизнесга ҳам, йўловчиларга ҳам жиддий зарар етказиши мумкин.

Немис машинистлари касаба уюшмаси GDL (Gewerkschaft Deutscher Lokomotivführer) 22 январ душанба куни давомийлиги бўйича рекорд муддатга, 6 кунга иш ташлашни эълон қилишди. 23 январдан юк поездлари машинистлари, 24 январга ўтар кечаси эса йўловчи поезд машинистлари иш ташлашди. Иш ташлаш 29 январь душанба кунигача давом этади.

Бу касаба ушмаси ва Deutsche Bahn давлат темир йўл концерни орасидаги баҳснинг янги босқичидир. Машинистлар иш соатларини 38 соатдан 35 соатга қисқартиришни ҳамда ойлик маошни оширишни талаб қилишмоқда. Концерн раҳбарлари 2026 йилдан бошлаб маошни 5%га ошириб, иш вақтини 1 соатга қисқартиришни таклиф қилди. Натижада иккала томон бир қарорга кела олмади.

Иш ташлашдан фақатгина Deutsche Bahn ва йўловчилар зарар кўриб қолмасдан, балки темир йўл орқали маҳсулот ва хомашёни ташийдиган компаниялар ҳам катта зарар кўрмоқда. Германия тарнспорт вазирлиги маълумотига кўра, Европадаги юк ташиш коридорларининг 11 тадан 6 таси Германияда ўтади. Немис иқтисодиёти институти эксперти Томас Пульсга кўра, давлат кунига 100 миллион евро зарар кўриши мумкин.

Яна бир иқтисодчи Михаэль Гремлинг ўз навбатида олти кунлик иш ташлаш натижасида миллиард евро зарар кўриш мумкинлигини таъкидлади.


Бошқа мақолалар