- 2024-09-20
Асад режими ағдарилганидан кейин ғойиб бўлган юқори мартабали шахсларнинг излари турли
мамлакатларда пайдо бўлди. Москвадаги махфий хонадонлар, ҳашаматли ҳаёт ва сокин сургунлик — уруш жиноятларида айбланаётган собиқ режим вакиллари қандай ҳимоя қилинаётгани ҳақидаги саволни кун тартибига олиб чиқди. Қочганлар, яширинганлар ва ҳали ҳам жавоб бермаганлар…
Сурияда ўтган йили ағдарилган Башар Асад режимининг баъзи ҳамтовоқлари турли мамлакатларда яшириниб ҳаёт кечирмоқда.
“New York Times” нашри Асад раҳбарлигидаги Баас режимининг қулаши билан ғойиб бўлган собиқ режим раҳбарларининг тақдирини ўрганувчи мақола эълон қилди.
Хабарга кўра, ағдарилган Асаднинг энг яқин хавфсизлик маслаҳатчиларидан бири Али Мамлук харажатлари Россия томонидан қопланадиган Москвадаги хонадонлардан бирида яшайди ва кўпчилик меҳмонларни қабул қилмайди.
Режимнинг гиёҳванд моддалар империясидаги асосий шахслардан бири ҳисобланган Ғассон Билол ҳам Москвада бўлиб, оиласининг Испаниядан Дубайгача чўзилган “фаровон ҳаёти”ни молиялаштиришда давом этмоқда.
Мамлакатни юк самолётларида тарк этган ва Россиядаги ҳарбий ётоқхоналарга жойлаштирилган баъзи мулозимлар эса анча оғир шароитларда яшамоқда. Тизимли қийноқлар ва қатлларда айбланаётган Ҳаво кучлари разведкаси директори Жамил Ҳасан ҳам ана шундай шахслар орасида экани иддао қилинмоқда.
Собиқ режим аъзоларидан бири ва Сурияда қуролсиз намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ берганликда айбланаётган Жамол Юнус эса Москвада скутер ҳайдаб юрган вақтида кўринган.
Режимнинг собиқ Мудофаа вазири Али Аббос ва собиқ Бош штаб бошлиғи Абдулкарим Иброҳим Москвадаги ҳашаматли савдо марказларидан бирида сайр қилиб юргани аниқланган.
Тинч аҳолига қарши оммавий қирғинларни амалга оширганликда айбланаётган собиқ генерал-майор Авс Аслан аввалига Москва шарқидаги Қозон шаҳрига юборилган эди. Бироқ Аслан бир неча ойдан кейин яна Москвадаги хонадонлардан бирида пайдо бўлди.
Россия расмийлари мамлакатда яшаётган Асад режими раҳбарлари ҳақидаги саволларга жавоб бермади.
Ағдарилган режимнинг баъзи етакчилари Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Ливанга кетган. Баъзилари эса Сурияни ҳеч қачон тарк этмаган ва яширинган ҳолда ҳаёт кечирмоқда.
Муҳаммад ал-Раҳмун: Собиқ Ички ишлар вазири ва Ҳаво кучлари разведкаси бошлиғи (68 ёш) ўз ҳаётини Форс кўрфази мамлакатларида давом эттираётгани айтилмоқда.
Ёсин Даҳи: Сурияликлар орасида тизимли қийноқлар ва одамларни йўқ қилиш ҳолатлари билан танилган “Фаластин бўлими”нинг собиқ бошлиғи. У режим қулашидан олдин нафақага чиққан бўлиб, ҳозирда Дубайда соғлиғи ва молиявий муаммолар билан банд.
Амр ал-Арманази: Баас режимининг кимёвий қурол дастурини ривожлантирган марказнинг собиқ директори. У Сурия пойтахтида яшашда давом этмоқда ва ўтмиши ҳақида гапиришни рад этиб, “виждони поклигини” таъкидлаган.
Сурия Ахборот вазирлиги режим раҳбарларига дахлсизлик ҳуқуқи берилмаганини қайд этди, бироқ юқори мартабали шахсларнинг ҳолати ва жиноий терговлар бўйича батафсил саволларга жавоб қайтармади.