Туркия Швециянинг НАТОга қўшилишига рухсат берди


  • 26 Январь, 2024
  • 97

Туркия парламенти Швециянинг НАТОга қўшилиш учун берган аризасини маъқуллади, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон тасдиқлади. Энди Швециянинг аризасини ратификация қилмаган ягона НАТО давлати бўлиб Венгрия қолди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Швециянинг НАТО таркибига қўшилиш бўйича ратификация баённомасига имзо чекди.  Ҳужжат ҳукуматнинг “Resmi Gazete” газетасида чоп этилди. Икки кун аввал Туркия парламенти ратификация баённомаси учун овоз берганди.

Туркия Швециянинг НАТО таркибига қўшилишини маъқуллаган сўнгги давлатлардан бири. Анқара Стокгольмдан Курдистон ишчи партияси (PKK)ни террористик ташкилот деб тан олишини ва унинг аъзоларини Туркияга беришини талаб қилди.

2023 йил ноябрь ойида Швеция ҳукумати Конституциясига “терроризмга қарши курашни кучайтириш учун” жиддий ўзгартиришлар киритди. Йил охирида эса Стокольм Анқарага курд террористларини топширишни бошлади. Мана шундан кейин Эрдўғон парламентга Швециянинг НАТО қўшилиши бўйича ҳужжатларни тақдим этди. 26 декабрь куни ҳужжатларни халқаро алоқалар бўйича парламент комиссияси маъқуллади.

Стокгольмнинг аризасини ратификация қилмаган ягона НАТО давлати бўлиб Венгрия қолмоқда. Будапештда скандинавия ўлкалари бир неча бор ҳукуматга босим ўтказиб ва мухолифатни қўллаб-қувватлаб “Венгрияга зарба беришга уринган”лигини таъкидлашди. Лекин Венгрия бош вазири Виктор Орбан НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатда имкон бўлиши билан ариза маъқулланишини айтиб ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, НАТОга қўшилиш учун альянснинг барча аъзоларининг розилиги керак. Швеция билан Финляндия 2022 йил ёзда альянсга қўшилиш учун ариза топширганди. Финляндия НАТОга 2023 йил қабул қилинди.


Бошқа мақолалар