- 2016-02-09
Анқара Исроил бўйича БМТнинг халқаро суди қарорини етарли эмас деб ҳисоблайди ва жараённи давом эттириш кераклигини таъкидламоқда.
26 январь куни БМТ халқаро суди Жанубий Африка республикасининг Ғазо секторидаги Исроил геноциди юзасидан аризаси бўйича оралиқ қарор чиқарди. Суд Исроилнинг Ғазодаги геноцид ҳаракатлари бўйича далилларни асосли деб қарор чиқарди.
Суд Исроил зиммасига Ғазодаги геноцидни тўхтатиш чораларини кўриш, фаластинликларни ўлдириш ҳақидаги чақириқлар учун жазолаш, инсонпарварлик ёрдамининг Ғазо секторига етказиишини таъминлаш вазифаларини юклади. Лекин шунга қарамай суд Жанубий Африка республикасининг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш талабини қаноатлантирмади.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Бу Исроил кутмаган қарор бўлди. Нима бўлганда ҳам биз истаган натижани қўлга киритдик. Лекин бу етарли эмас. Биз жараённи янада кенгайтиришимиз керак. Мен ЖАР президентига ўз миннатдорчилигимни билдирдим. 121 та давлат Исроилнинг геноцидини тан олди. АҚШ ва яна 9-10 давлат бунга қарши чиқди. 40 та давлат бетараф қолди. Сўнгра улар ҳам биз томонга ўта бошлади. Биз бу жараённи давом эттирамиз” деди.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ўз давлатида ҳам лаънатланган одам бўлиб қолди.
Туркия президенти Эрдўғон “Инсоният уни лаънатламоқда. Ғазодаги ёш болалар ва аёллар ноласи уни тинч қўймайди. Биз уни таъқиб қиламиз, у эса қочади. Ниҳоят ғалаба ҳақиқатга ишонадиганлар томонда бўлади” деди.
Аввалроқ Эрдўғон бир неча марта Нетаньяҳуни Ғазодаги қатлиом сабабли “жаллод” ва “қотил” деб атаганди. Бундан ташқари Анқара Хамасни террористик ташкилот деб тан олмаслигини билдирганди.