Автобус кўприкдан қулади


  • 29 Март, 2024
  • 82

Жанубий Африкада бир автобус кўприкдан жарга қулади. Ҳалокатда дастлабки маълумотларга кўра, камида 45 киши ҳалок бўлган.

Маҳаллий нашрларга кўра, ҳалокат пайшанба куни Жанубий Африканинг шимоли-шарқидаги Лимпопо штатида юз берган. Хабарларга кўра, Ботсванадан ўлканинг шимолидаги Мориага йўл олган йўловчи автобус Маматлакала довонидан жарга учиб кетган.  

Ҳайдовчиси бошқарувини йўқотган автобус аввал йўл четидаги тўсиқларга урилди, сўнгра тўсиқларни ошиб ўтиб қоя тошларга тушди. Ерга урилган автобусда ёнғин чиқди.

Воқеа жойига етиб келган транспорт вазири Синдсиве Чикунга ҳалокатда фақатгина 8 ёшли бир қизалоқ тирик қолганини маълум қилди.  

Вазир Чикунга “Автобусда тахминан 45 одам бор эди. Улардан фақат 8 ёшли қизалоқ тирик қолди. У ҳозир касалхонага етказилган. Автобусда Ботсванадан Пасха конференциясида иштирок этиш учун Мориа черковига йўл олган дин мансублари бўлган” деди.

Жанубий Африка республикаси президенти Сирил Рамафоса Ботсванага ўз таъзиясини билдириб, керакли барча ёрдамни кўрсатишга тайёр эканлигини айтди.


Бошқа мақолалар