- 2025-02-24
Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) Корея ярим оролида юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай можаро "янги жаҳон урушига олиб келиши" ҳақида огоҳлантирди. АҚШ ва иттифоқчиларига қарши қатъий баёнот йўллаган Пхеньян маъмурияти шундай деди:
"Ҳеч ким тўхтата олмайдиган қудратли ҳужум салоҳиятига эга бўлиш – урушнинг олдини олиш ва ҳар қандай таҳдид ҳамда шантажни самарали равишда бартараф этишнинг энг аниқ йўлидир. Шунинг учун, КХДР ўз мудофаа қобилиятини барқарор равишда мустаҳкамлаб боради."
Корея ярим ороли ва унинг атрофидаги хавфсизлик ташвишларини янада кучайтирган янги баёнотда КХДР, АҚШ ва Жанубий Кореянинг 10–20 март кунлари ўтказган "Озодлик қалқони" қўшма ҳарбий машғулотларини "ҳарбий провокация" деб баҳолади.
КХДР Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида: "Бу ҳолат жорий йилдаги 'Озодлик қалқони' машғулотлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан режалаштирилган хавфли ядровий уруш репетицияси эканини тасдиқлайди," дейилган.
Шунингдек, баёнотда АҚШ ва Жанубий Корея ушбу машғулотларнинг миқёси ва шиддатини оширгани таъкидланган. "17–20 март кунлари душманнинг ер ости туннелларини йўқ қилиш ва унинг ядровий қуролларини зарарсизлантириш сценарийси асосида амалга оширилган махсус ҳарбий тайёргарлик машғулотлари бунга мисол бўла олади," дейилган.
КХДР ушбу машғулотларни йилдан-йилга янада тажовузкорлик хусусиятига эга бўлаётган "уруш репетицияси" деб баҳолаб, "Душман давлатлар КХДРни ҳарбий жиҳатдан назорат остига олиш учун ўз гегемонлик позицияларидан фойдаланишга уринишлари янада хавфли босқичга кирди," дея таъкидлади.
АҚШнинг ҳарбий машғулотлар орқали нафақат КХДР, балки бутун Осиё-Тинч океани минтақасида ҳарбий ҳукмронлик ўрнатишни кўзлаётгани таъкидланган баёнотда шундай дейилган:
"Корея ярим оролида тасодифий бир учқун йирик қуролли тўқнашувга айланиб кетиш эҳтимоли жуда юқори. Бу ерда ҳарбий машғулотларнинг давом этиши минтақавий вазиятни назорат қилиб бўлмайдиган даражага олиб келмоқда."
"Озодлик қалқони" машғулотлари ва бошқа АҚШ етакчилигидаги қўшма ҳарбий машғулотларга НАТО давлатларининг ҳам жалб этилгани қайд этилган. Баёнотда:
"Бу ҳолат Корея ярим оролида юз бериши мумкин бўлган ҳарбий тўқнашув фақат КХДР ва АҚШ ўртасида чекланиб қолмаслигини, балки муқаррар равишда янги жаҳон урушига сабаб бўлишини кўрсатади," дея огоҳлантирилди.
Минтақавий хавфсизлик муҳитининг беқарорлашиб бориши КХДРни ўз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлашга мажбур қилаётгани таъкидланган баёнотда:
"Ҳеч ким тўхтата олмайдиган қудратли ҳужум салоҳиятига эга бўлиш – урушнинг олдини олиш ва ҳар қандай таҳдид ҳамда шантажни самарали равишда бартараф этишнинг энг аниқ йўлидир. Шунинг учун, КХДР ўз мудофаа қобилиятини барча соҳаларда барқарор равишда мустаҳкамлаб боради," дейилган.