Туркия ҳам Исроилга қарши даъвога қўшилди


  • 2 Май, 2024
  • 91

Халқаро жиноят судининг Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ҳақида чиқарадиган ҳибсга олиш қарорида Туркия тақдим этган далилларнинг катта таъсири борлиги маълум бўлди.

Халқаро жиноят судида Исроил бош вазири Нетаньяҳу ва бошқа исроиллик вазирларнинг ҳарбий жиноят бўйича айбловда ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқиши иддао этилмоқда.

Туркияга даволаниш учун келган фаластинликларнинг ифодалари, фотосуратлар ва видео тасвирлар даъво ишига аниқлик киритди. Истанбул 2-адвокатлар палатасининг мурожаатидан кейин кўплаб янги далиллар жиноят ишига илова қилинди. Агар даъво ҳибсга олиш қарори билан якунланадиган бўлса, Нетаньяҳу Исроил ҳудудидан чиққан вақтда дарров ҳибсга олиниши керак бўлади.

Индонезиялик ҳамкасби Ретно Марсуди билан Анқарада учрашган Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидон Туркия ҳам Жанубий Африканинг Исроил устидан Ғазода ҳарбий жиноятлар ишлаётгани бўйича очган даъвосига қўшилишини маълум қилди.

Ҳоқон Фидон “Биз Туркия давлати сифатида Жанубий Африка томонидан Исроилга қарши ҳалқаро жиноят судида қўзғатилган ишга қўшилишга қарор қилдик. XXI асрда Ғазода одамлар очликдан ўлмоқда. Исроил армияси тарк этган ҳудудларда эса оммавий мозорлар топилмоқда. Дунё ҳамжамияти яна нимани кутмоқда?

Биз ҳозир икки танлов олдида турибмиз. Ёки биз қонун ва инсонийлик томонида бўламиз. Ёхуд ҳаммамиз биргаликда зўравонликдан ҳосил бўлган муаммоларга бадал тўлаймиз” деди.  

Фидоннинг сўзларига кўра, расмий Анқаранинг суд жараёнига қўшилиши қарори узоқ давом этган ҳуқуқий ва сиёсий тайёргарликлар натижасидир. Улар ўз қарорларини иттифоқдош ўлкалар билан маслаҳатлашиб олган. Ҳоқон Фидон ушбу жиноят ишига бошқа ўлкаларни ҳам жалб қилишга ҳаракат қилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Ғазода геноцидни бошлаганидан кейин 2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка БМТнинг халқаро жиноят судига Исроил устидан геноцид айби билан даъво киритганди. Кейинроқ ушбу даъвога Колумбия давлати ҳам қўшилганди.


Бошқа мақолалар