Туркия расман Исроил билан тижоратни тўхтатди


  • 3 Май, 2024
  • 142

АҚШнинг “Bloomberg” журнали берган хабарга кўра, Туркия Исроил билан бутун экспорт ва импорт фаолиятларини тўхтатди. Бу ҳақда расмий баёнот Туркия савдо вазирлигидан келди. Вазирлик “Исроил билан экспорт ва импорт фаолиятлари бутун маҳсулотларни ўз ичига олган шаклда тўхтатилди” деб маълум қилди.

Туркия савдо вазирлиги “Исроил сабаб бўлган қатлиом, инсоний фалокат ва вайронагарчилик давом этиб, Исроил ҳукумати халқаро ўт очишни тўхтатишга уринишларга бефарқ қолди ва инсоний ёрдамлар етиб боришига тўсиқ бўлди. Туркия булардан келиб чиқиб 2024 йил 9 апрелдан эътиборан 54 тур маҳсулотни Исроилга экспорт қилишни чеклаганди. Ушбу қарорда Исроил Ғазода дарҳол ўт очишни тўхтатишини эълон қилгунча ва етарли миқдорда ҳамда узлуксиз инсоний ёрдамлар боришига рухсат бермагунча жорий чекловлар татбиқ этилиши таъкидланганди. Лекин бунга қарамай Исроил ҳукумати агрессив ҳаракатлардан воз кечмади.

Шунинг учун давлат савиясида олинган тадбирларнинг иккинчи босқичига ўтилди. Исроил билан боғлиқ бутун экспорт ва импорт фаолиятлари тўхтатилди.

Исроил ҳукумати Ғазога узлуксиз ва етарли миқдорда инсоний ёрдам етиб боришига рухсат бергунча Туркия ушбу янги тадбирларни қатъий ва қарорли шаклда татбиқ этади” деб баёнот берди.

Статистика маълумотларига кўра, Туркия-Исроил орасидаги тижорат 2023 йили 6,8 миллиард долларга тенг бўлган. Икки ўлка орасидаги тижоратнинг 75%ини Туркия экспорт қилинган маҳсулотлар ташкил этади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил ва Фаластин орасидаги зиддият ҳақида бир неча бор гапирганди. Эрдўғон Исроил Ғазони дунёдаги энг катта аёллар ва болалар қабристонига айлантирганлигини таъкидлаганди.


Бошқа мақолалар