- 2024-09-03
14 июль куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти ва шаҳрига кучли сел келди. Натижада йўллар бузилиб, кўча ва уйларни сув босди. Тўрт киши бедарак йўқолди. Шаҳарда фавқулодда вазият эълон қилинди.
Соат тахминан 14:00да Толойкон қишлоғи ва Ўзгур қишлоғига сел келди. Воқеа жойига 46 нафар қутқарувчи келиб, 420 кишини эвакуация қилди.
Кучли ёмғир натижасида Оқ Буйра дарёси қирғоқларидан чиқиб, шаҳар кўчалари ва марказий бозор сув остида қолган.
Гувоҳлар ижтимоий тармоқларга жойлаштирган видеоларда марказий бозорда маҳсулотлар ва озиқ-овқатлар оқиб кетаётганлигини ҳамда кучли тошқин ўз йўлидаги автомобилларни ҳам оқизиб кетаётганлигини кўришимиз мумкин.
Бедарак йўқолганлардан бирининг жасади Оқ Буйра дарёсидан топилди. Бир қиз боланинг танасини сув Ўзбекистон ҳудудига оқизиб кетган. Ўзбекистон ҳукумати жасадни Қирғизистонга қайтариб берди.
Қирғизистон президенти офисининг ахборот сиёсати хизмати раиси Дайирбек Ўрунбеков берган интерьюсида 342 та уй, 16 та автомобиль ва 25 гектар экин майдонига зарар етганлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни ҳам Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманида сел келиб, саккиз одам ҳалок бўлганди. Ҳалок бўлганларнинг 4 нафари дам олишга борган қозоғистонлик болалар эди.