- 2023-03-14
Бангладешдаги оммавий тартибсизликларда ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакатдаги манбаларга таяниб, Al Jazeera нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, давлат хизматига ёллашнинг янги ишлаб чиқилган қоидалари ва улар асосида шакллантирилган тизим фуқаролар орасида норозиликлар келтириб чиқарган. Оқибатда минглаб талабалар пойтахт кўчаларида намойишга чиққан.
Талабалар норозилиги полиция билан тўқнашган. Ҳукуматнинг норозиликларни зудлик билан бостириш қароридан сўнг ўзаро куч ишлатиш ҳолати юзага келган. Кўплаб ҳудудларда полиция талабаларга ўқ узгани хабар қилинган.
Бангладеш ҳукумати давлат хизматини ёллаш квотасига қарши норозилик намойишларини бостириш учун баъзи мобил интернет хизматларини тўхтатгани маълум қилинган. Интернет ўчирилганига қарамай пойтахт Даккада таёқ ва тошлар билан қуролланган минглаб талабалар норозилиги давом этган.
Пойтахт Даккада ва жануби-шарқда жойлашган Нараянганж шаҳрида норозиликлар айниқса авж олган. Намойишчилар йўлларни баррикадалар билан тўсиб, полиция ҳаракатланишига қаршилик қилган.
Мамлакат шарқидаги Читтагонг шаҳрида ҳам фавқулодда вазият эълон қилинган. Аҳолидан битта ҳудудда тўпланмаслик, давлат муассасаларига яқинлашмаслик сўралган.
Гувоҳларнинг Reuters ахборот агентлигига маълум қилишича, полиция Даккада транспорт воситалари, полиция бўлимлари ва бошқа муассасаларни ёқиб юборган намойишчиларни тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар ишлатган.
Ахборот технологиялари вазири Зунайд Аҳмад Палакнинг мобил интернет ижтимоий тармоқлардаги “беқарор вазият” туфайли вақтинчалик тўхтатилганини билдирган. Вазият нормал ҳолатга қайтганидан кейин хизматлар тикланиши айтилган.
Маълумот ўрнида, намойишчилар Бангладешда 1971 йили бўлиб ўтган мустақиллик урушида қатнашган фахрийларнинг оила аъзолари учун давлат иш ўринларининг 30 фоизигача бўлган квоталар тизимини бекор қилишни талаб қилмоқда. Ҳукуматнинг бу масалани кўриб чиқишни пайсалга солиши ғалаёнлар бошланишига сабаб бўлган.
daryo.uz дан олинди.