Исроилнинг янги яҳудийлари


  • 30 Декабрь, 2012
  • 1307

Ҳиндистонда яҳудий эканликларини иддао этган ўнлаб қишлоқилар Исроилга кўчишди. Бу кўчиш Исроил бош  раввини (дин пешвоси) томонидан уларнинг яҳудий эканликлари тасдиқланганидан кейин мумкин бўлди.

Ушбу қарор жуда кўп тортишувларга сабаб бўлган бўлса ҳам ҳиндистонликлар 5 йиллик курашдан кейин Исроилга кўчиб ўтишларини нишонладилар.

Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидан келган қишлоқликлар милоддан аввалги 8-асрда Осурийларнинг ҳужумларидан Ҳиндистонга қочган Бней Менаше яҳудийларининг неваралари эканликларини иддао этишмоқда. Бош раввин Сломо Амарир 2005 йили уларнинг Тавротдаги “йўқолган” 10 та қабиладан бири эканликлари ҳақида ҳукм чиқарган. Шу ҳукмга биноан 1700 киши Исроилга кўчиб ўтганидан кейин "янги яҳудийларларга" виза бериш тўхтатилганди. Мана энди яна рухсат берилиши билан 53 нафар ҳиндистонлик яҳудий Тел-Авивдаги аэропортда аввал кўчиб келган қабиладошлари тарафидан кутиб олинди. Келганлар орасида бола-чақалари билан келганлар ҳам бор. Уларнинг Бней Менаше яҳудийларининг авлодидан эканликлари генетик йўл билан ҳали исботланмаган. Исроилнинг яҳудий миллатли аҳолига қаттиқ эҳтиёж сезгани учун уларнинг кўчиб келишига изн берганлиги қайд этилмоқда. Мизорам ва Манипур вилоятларида мана шу қабиладан яна 7200 киши кўчиб келиш учун изн кутишмоқда.

Улар бош раввин тарафидан яҳудий деб тан олинсалар ҳам исроилликларнинг кўпи уларнинг яҳудий эканликларига ишонишмайди. Кўпчилик улар ҳақида Ҳиндистондаги қашшоқликдан қочиб келаётганлар деган фикрда. Собиқ ички ишлар вазири Авраҳам Пораз ҳам уларнинг яҳудийлик билан алоқалари йўқлигини айтган.

Исроил бундан аввал ҳам Эфиопиядан “Фалаша” деб аталадиган қора танли кишиларнинг яҳудийлигини тан олиб, ватандошликка олганди.

Ҳиндистонда Бней Менаше яҳудийси эканликларини иддао этаётганларнинг кўпи бир пайтлар анимизм динини қабул қилган бўлсалар, баъзилари инглиз мустамлакаси даврида миссионерлар фаолияти оқибатида христианликка ўтган.


Бошқа мақолалар