- 2013-01-02
Қозоғистонда 2026 йил якунига қадар поликлиникаларда шу кунгача сақланиб қолган педиатрия
участкаларини қисқартириш режалаштирилмоқда. Эндиликда болалар ота-оналари билан биргаликда оилавий шифокорларга бириктирилади.
Қанча “болалар” участкаси бор ва нима учун улар қисқартирилмоқда?
Ижтимоий тармоқларда бир алматилик ватандош ўзининг кичик фарзанди бириктирилган поликлиникада педиатрия участкаси қисқартирилаётганидан шикоят қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Салидат Қайирбекова номидаги Миллий илмий соғлиқни сақлашни ривожлантириш маркази БМСЁ (Биринчи тиббий-санитария ёрдами) маркази раҳбари Асел Хасенованинг айтишича, бу ягона ҳолат эмас.
“2027 йилгача бутун мамлакат бўйлаб педиатрия ва терапия участкаларидаги беморларни (улар ҳали ишлаб турган жойларда) умумий амалиёт шифокори (УАШ) участкаларига ўтказиш бўйича топшириқ бор”, дея изоҳ берди Хасенова.
Бу жараён аллақачон бошланган. Педиатрия участкалари босқичма-босқич қисқартирилмоқда. 2024 йилда Қозоғистонда бундай участкалар сони 1770 та бўлган бўлса, ҳозирда улар 1421 тани ташкил этмоқда.
Марказ раҳбари ушбу қарорнинг мантиқини қуйидагича тушунтирди:
“Биз 15 йилдан ортиқ вақт давомида биринчи тиббий ёрдам тизими айнан умумий амалиёт шифокори амалга оширадиган оилавий ёндашувга асосланиши кераклигини айтиб келяпмиз. Болалар ота-онасидан алоҳида ўсмайди. Болага таъсир қилувчи барча хавф омиллари, биринчи навбатда, унинг атроф-муҳитига боғлиқ”, деди у.
Асел Хасенова болалар тиббий ёрдамсиз қолмаслигига ишонтирмоқда. Барча поликлиникаларда эрта ривожланиш ва аралашув марказлари ёки кабинетлари фаолият кўрсатмоқда, у ерда педиатрия участкалари тугатилгандан кейин ҳам болалар шифокорлари қабулни давом эттирадилар.
“Участка педиатри кичик беморларни қабул қилишдан ташқари, ҳисоботлар ва ҳужжатларни тўлдиради — бундай кундалик ишлар кўп вақтни олади. Ҳозир биз шифокорларни бундан озод қиляпмизки, улар бор эътиборини болалар билан шуғулланишга қарата олсинлар”, дейди эксперт.
Хасенованинг айтишича, энди янги келаётган болалар педиатрия участкаларига эмас, балки фақат ота-онаси ёки қонуний вакиллари хизмат кўрсатиладиган умумий амалиёт шифокорларига бириктирилади.
“Педиатрия участкаси қисқартирилган тақдирда ҳам худди шундай бўлади. Аста-секин улар камаяди ва болалар ота-онасидан бири бириктирилган жойга ўтказилади”, деб тушунтирди БМСЁ маркази раҳбари.
Хасенованинг аниқлик киритишича, соғлом болаларни умумий амалиёт шифокори кўрикдан ўтказади. Агар у кичик беморнинг ҳолати билан боғлиқ бирор жиҳатни болалар шифокори баҳолаши керак деб топса, болани педиатрига йўналтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда поликлиникаларга бирикиш қоидалари ўзгараётгани, хусусан, ҳар йилги эркин бирикиш кампаниясидан воз кечиш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, 2026 йилда Тиббий суғурта жамғармаси Қозоғистоннинг турли ҳудудларида тиббий хизматлар учун қанча маблағ сарфлаши ҳақида ҳам маълумот берилган эди.