Шольц Трампни эгоизмда айблади


  • 4 Февраль, 2025
  • 27

Германия канцлери Олаф Шольц Дональд Трампнинг Украинадан АҚШга ёрдам эвазига нодир ер металларини етказиб беришни талаб қилишини эгоистик деб атади. Канцлернинг фикрича, Киевнинг ўзига бу ресурслар келажакдаги тикланиш учун керак бўлади.

Бу ҳақда Германия канцлери Брюсселдаги норасмий Европа Иттифоқи мудофаа саммитидан сўнг маълум қилди.

“Бу мамлакатнинг ресурслари бизга урушдан кейин зарур бўладиган ҳамма нарсани молиялаштириш учун керак бўлади”, – деб келтиради Шольцнинг сўзларини Reuters агентлиги.

Германия раҳбари Украина келажакда кучли армияга ва мамлакатни тиклаш учун молиявий ёрдамга эҳтиёж сезишини таъкидлади.

Шольц: “Украинада юз бераётган улкан вайронагарчиликларни ҳисобга олсак, бу катта вазифа. Шунинг учун менимча, Украина ресурслари яхши келажак учун ишлатилгани маъқул”, – деди.

Шу куни аввалроқ Дональд Трамп Украинага ёрдам давом эттирилишини, лекин бунга жавобан Киев АҚШга нодир ер металларини етказиб беришни ваъда қилиши кераклигини айтган эди.

Ғарб давлатларининг Украинадаги нодир ер металларига кириши Владимир Зеленскийнинг “Ғалаба режаси” даги муҳим бандлардан бири ҳисобланади. У Киевни қўллаб-қувватлаётган давлатларга “инвестициялардан фойда таъминлаш” ваъдасини берган ва Украина табиий ресурслари, жумладан, триллион долларлик стратегик муҳим металлар ҳақида сўз юритган. Уларнинг қаторига уран, титан, литий, графит киради. Зеленский бу режани Трампга 2024 йил сентябрь ойида Нью-Йоркдаги учрашув чоғида тақдим этган, деб ёзади нашр.


Бошқа мақолалар