Россия хорижий журналистларга қидирув эълон қилди


  • 13 Сентябрь, 2024
  • 31

Россия ички ишлари вазирлиги Украина-Россия чегарасидан ўтиб, Курск вилоятига кирган хорижий журналистларни қидирилаётганлар рўйхатига киритди. Рўйхатга киритилган журналистлар орасида АҚШнинг CNN халқаро хавфсизлик мухбири Ник Патон Уолш, Италиянинг “RAI” телеканалидан Стефаниа Баттистини, немис нашри “Deutsche Welle”дан Николас Симон Коннолилар бор.

Украина армияси жорий йилнинг 6 августида чегарани бузиб, Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирди. Бунинг ортидан воқеаларни ёритиш учун Россия ҳудудига кирган хорижий журналистлар устидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича жиноий иш очилганди. Россия ички ишлар вазирлиги ушбу иш юзасидан хорижий журналистларни қидирилаётганлар рўйхатига киритди.

Италия ташқи ишлар вазири Антонио Тажани эса ижтимоий тармоқ орқали берган хабарида “RAI” мухбири Стефаниа Баттистининг қидирилаётганлар рўйхатига киритилганлиги ҳақидаги хабардан хавотирда эканлигини билдириш мақсадида Россиянинг Италиядаги элчисини вазирликка чақирганлигини маълум қилди.

Аввалроқ Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ўтган ой Курск вилоятига кирган баъзи хорижий журналистлар устидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби билан жиноий иш қўзғатилганлигини билдирганди. Чегарани ноқонуний кесиб ўтишга 5 йилгача қамоқ жазоси берилиши маълум қилинганди.


Бошқа мақолалар