- 2020-05-01
Туркий оламнинг сайёҳлик пойтахтида ўтаётган “Turkistan Investment and Tourism Forum – 2024” халқаро инвестицион форуми ўз ишини “Қозоғистон-Хитой қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича инвестицион ҳамкорлик”, “Қозоғистонда Хитой сайёҳлиги – 2025” ва “Рақамли трансформация” мавзуларида давом эттирди.
Форум давомида ҳамкорлик бўйича жами 301 миллиард тенгелик 35 та меморандум имзоланди. Ушбу келишувлар доирасида вилоятда янги лойиҳалар ишга тушади. Шуни таъкидлаш керакки, форум бизнес ва инвесторлар учун янги имкониятлар очиб, Туркистон вилоятининг халқаро ҳамкорликдаги стратегик аҳамиятини кўрсатиб бермоқда.
Умуман Туркистон вилоятида 145 та инвестицион лойиҳалар устида иш бошланиб, 2027 йилгача фаолиятга тушади. Ушбу лойиҳалар 17 минг кишини иш билан таъминлаб, даромадини 100 миллиард тенгега оширади. Вилоятда майдони 594 гектарга тенг 10 та индустриал ҳудуд ва 580 гектар майдонга тенг махсус иқтисодий ҳудуд мавжуд. Бу ҳудудларда 49 та ташкилот фаолият кўрсатади. Яна 39 та лойиҳа бўйича қурилишлар давом этмоқда.
Туркистонда ҳозир вилоят потенциалидан келиб чиққан ҳолда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадда ва инвестиция жалб қилишни кучайтириш учун туман ва шаҳар ҳокимиятлари ҳамда бизнес вакилларининг Хитойга сафарлари ташкил этилди. Натижада Хитойнинг янги технологиялари ва инвесторлар сармояси воситасида бир қатор лойиҳалар ишга туширилди. Йирик лойиҳалар ичида текстил кластери ташкил этиш, қуёш ва шамол электростанциялари қуриш кабилар бор.