- 2017-09-23
Испания қироли Филипп VI ва унинг турмуш ўртоғи Летисия ҳамда ҳукумат вакиллари Валенсиянинг тошқинлардан энг кўп зарар кўрган Пайпорт шаҳрини зиёрат қилаётганида лойбўрон қилинди.
Қирол ва ёнидагилар шаҳарни зиёрат қилаётганида ғазабланган оломон турли ҳақоратлар айтиб, уларга лой ота бошлади. Одамлар: “Қотиллар! Шаҳардан йўқолинглар!” деб қичқиришди. Оломонни тўхтатиш учун ҳолатга полиция аралашишга тўғри келди.
Нашрларнинг хабарига кўра, бош вазир ва қирол келишидан олдин шаҳарга ҳарбийлар келиб шошилинч йўлларни тозалашга киришгани одамларнинг ғазабига сабаб бўлган.
Қирол тўпланган одамларни тинчлантиришга уриниб, уларнинг аҳволини тушунишини билдирди. Тошқин вақтида оиласидан ажралганлигини айтган бир ватандошни қучоқлаб тасалли беришга ҳаракат қилди.
Юз берган ҳолатдан кейин қиролнинг яна бир тошқиндан зарар кўрган шаҳарга зиёрати бекор қилинди. Лекин қирол Филипп VI оломоннинг ҳужумига қарамай Пайпорт шаҳрида қолиб одамлар арзини тинглади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Испаниянинг жануби-шарқига кучли ёмғир ёғиб, 1957 йилдан бери энг ҳалокатли тошқинга сабаб бўлганди. Тошқиндан энг кўп Валенсия ва атрофидаги шаҳарлар зарар кўрди. Натижада камида 214 киши ҳалок бўлди ва 200 дан ортиқ одам бедарак йўқолди.