- 2016-08-27
Исроил бош вазири Нетаньяҳу билан Франция президенти Макрон орасида бошланган қурол эмбаргоси тортишуви ортидан зиддият кучайиб бормоқда.
Ғазодаги қатлиомга лом-мим демай ўтирган Франция уруш ҳаракати Ливанга ўтгач Исроилга қарши чиқишни бошлади. Нетаньяҳунинг Ливанга бошлаган қуруқлик ҳарбий ҳаракатидан кейин Франция президенти Макрон бошқа давлатларни Исроилга қарши қурол-яроғ эмбаргосига чақирганди.
Исроил кучлари Қудусда Франция ҳудуди мақомидаги Патер Ностер черковида 2 нафар француз жандармини ҳибсга олди.
Исроил нашрларида ўрин олган хабарларга кўра, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барронинг Шарқий Қудусдаги Патер Ностер черковига қиладиган сафари олдидан Исроил полицияси билан француз жандармлари орасида тортишув юз берди.
Француз жандармлар Исроил полициясининг Франция ҳудуди мақомида бўлган Патер Ностер черковига киришини истамади. Бунинг ортидан полиция ва жандармлар орасида зиддият кучайди.
Исроил полицияси 2 француз жандармини ҳибсга олиб, полиция автомобилида бошқармага олиб кетди.
Ижтимоий тармоқларда француз жандармларнинг ҳибсга олиниш вақтидаги тасвирлар пайдо бўлди. Видеода Исроил полициясининг жандармларни ҳибсга олишга уринганлиги, француз жандарми ҳам унга қўлини теккизмаслигини талаб қилаётганини кўриш мумкин. Шунда жандарм ерга ётқизилиб, қўлларига кишан солиниб олиб кетилди.
Француз нашридаги хабарларга кўра, ташқи ишлар вазири Барро француз ҳудуди бўлган майдонга Исроил полицияси рухсатсиз ва қуролланган шаклда кирганлигини билдирган. Барро бу ҳолатнинг қабул қилиб бўлинмайдиган эканлигини айтди.
Франция ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидан берилган хабарга кўра, Барронинг аралашувидан кейин дипломатик мақомга эга 2 нафар француз жандарми озодликка чиқарилган.
Хабарда Исроил кучларининг ҳаракати қораланиб, келгуси кунларда Исроилнинг элчиси вазирликка чақирилиши билдирилди.