- 2022-02-23
Грузия бош вазири Иракли Кобахидзе Европа иттифоқига қўшилиш музокараларини 2028 йилгача тўхтатишга қарор қилди. Кобахидзе баъзи европалик сиёсатчиларни ўлканинг ички ишларига аралашишда айблаб “Европа иттифоқига ялиниб кирмаймиз” деди. Ушбу қарордан кейин Грузиянинг катта шаҳарларида халқ норозилик билдириб намойишга чиқди.
Тбилисида Европа иттифоқига қўшилиш музокаралари 2028 йилгача тўхтатиб қўйилганлиги туфайли пайшанба куни оқшомда бошланган норозилик намойишлари давом этмоқда.
Баъзи намойишчилар парламентнинг асосий эшигини ҳимоялаш учун қурилган темир тўсиқларни турли нарсалар билан уриб зарар беришга ҳаракат қилишди. Бу вақтда бинонинг бошқа тарафини қуршаб олмоқчи бўлган намойишчилар билан полиция орасида тўқнашув юз берди. Грузия хавфсизлик кучларига қарашли бўлимлар намойишчиларга қарши сув сепиб қаршилик кўрсатди. Намойишчиларнинг полиция томон турли нарсалар отиши натижасида кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланилди.
Полиция қаршилик кўрсатганидан ортга чекинган намойишчилар парламент биносига яқин Шота Руставелли кўчасидаги қатновни тўсиб, баррикадалар қурди.
Баъзи европалик сиёсатчиларни Грузиянинг ички ишларига аралашишда айблаган Кобахидзе “Европа парламенти ўтган 3 йилда нафақат Грузия жамияти, балки Европа комиссияси ва Европа кенгаши ҳам қабул қилмаган ёлғон ва ҳақоратларга тўла 5 қарорни қабул этди” деб гапирди.
Сўнгги йилларда ўлкасининг ички ишларига аралашган баъзи европалик сиёсатчиларнинг ЕИ аъзолиги ва ЕИнинг пуллари билан шантаж қилганлигини таъкидлаган Кобахидзе “Бутун буларни назарда тутган ҳолда Европа иттифоқи билан музокаралар бошланиш масаласини 2028 йил охиригача кун тартибига қўймасликка қарор қилдик. Бундан ташқари 2028 йил охиригача ЕИдан келадиган ҳар турли бюджет маблағларини рад этамиз. Европа иттифоқига ялиниб-ёлвориб, бир оёқ устида туриб кирмаймиз. ЕИга ҳурматли шаклда, тартибли демократик тизим билан, кучли иқтисодиёт билан кирамиз” деди.
Грузия Европа иттифоқига аъзолик учун 2022 йил март ойида ариза берганди. Номзод ўлка статуси 2023 йил декабрь ойида берилди. Лекин ўлкада тортишувларга сабаб бўлган “хорижий таъсирнинг шаффофлиги” қонуни кучга кириши туфайли ЕИга қўшилиш жараёни тўхтатиб қўйилганди.