- 2024-06-06
Кашмирнинг Липа водийсида Ҳиндистон ва Покистон кучлари ўртасида чегара ортида тўқнашувлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳиндистон, Жамму ва Кашмирда сайёҳларга қарши уюштирилган ҳужумда Покистонни айблади. Ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан дипломатик алоқаларини пасайтирди ва виза имтиёзларини бекор қилди.
Кашмирнинг Липа водийсида икки мамлакат қуролли кучлари ўртасида чегара ортида тўқнашувлар бўлгани маълум қилинди. Ҳудуддан эшитилган тўп отишмалари ва енгил қурол товушлари чегарадаги вазият яна кескинлашганини кўрсатмоқда.
Ҳодиса пайтига оид тасвирлар айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган бўлса-да, расмий идоралар бу ҳақда ҳали ҳеч қандай баёнот бермади. Фуқароларнинг жароҳатлангани ёки ҳалок бўлгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатининг сайёҳларга қарши қилинган қуролли ҳужумида, 26 киши ҳалок бўлган воқеада, Покистонни айблади.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳужумдан сўнг Хавфсизлик кабинети билан фавқулодда йиғилиш ўтказди ва Покистон билан дипломатик алоқалар даражасини пасайтиришга қарор қилди. Моди: “Ҳужумни амалга оширган ва режалаштирганлар тасаввур ҳам қила олмайдиган даражада жазоланади”, деди.
Ҳужумдан сўнг Ҳиндистон SAARC Виза Имтиёзлари Дастури доирасида Покистон ватандошларининг мамлакатга киришини тақиқлади ва аввал бериб қўйилган визаларни бекор қилди. Ҳозирда Ҳиндистонда виза билан бўлиб турган Покистон ватандошларидан 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш талаб қилинди.
Шунингдек, Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида фаолият олиб борувчи Покистон Олий Комиссиясидаги ҳарбий маслаҳатчилар "иасталмаган шахс" деб эълон қилиниб, уларга мамлакатни тарк этиш учун бир ҳафта муҳлат берилди. Дипломатик зиддият доирасида Ҳиндистон ҳам Исломободдаги ўз олий комиссиясидаги ҳарбий маслаҳатчиларини чақириб олишга қарор қилди.
Ҳиндистон 1960 йили Покистон билан имзоланган Индас Сув Шартномасини тўхтатганини эълон қилди.
Бу қарорга жавобан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф қаттиқ муносабат билдирди. “Сув оқимининг тўхтатилиши ёки йўналишининг ўзгартирилиши тўғридан-тўғри уруш эълони ҳисобланади”, деди у.
Кашмир, Покистон ва Ҳиндистон 1947 йилда мустақилликка эришганидан бери бўлинган ҳолда қолмоқда.
Ҳар икки давлат ҳам Кашмирнинг тўлиқ ҳудуди у ёки бу тарзда ўзларига тегишли эканини даъво қилади. Ҳиндистон ўз назоратидаги ҳудудни “Жамму ва Кашмир” деб атайди, Покистон эса ўз томонидаги ерларни “Озод Кашмир” деб номлайди.
Ҳудуддаги кескинлик, 2019 йили Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳукумати Кашмирнинг ярим автоном мақомини бир томонлама бекор қилиб, тўғридан-тўғри Нью-Деҳлига боғлаш қарори ортидан янада кучайган.