- 2014-06-17
Бир неча шаҳар ва қишлоқларни эгаллаб олинган. Бу 2020 йилги сулҳдан буён томонлар ўртасидаги энг йирик тўқнашув.
27 ноябр куни Суриядаги қуролли гуруҳлар Ҳалаб вилоятининг ғарбий қисмида президент Башар Асад режими кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлади.
Ҳалаб 2011 йилда Суриядаги фуқаролик уруши бошланганидаёқ ҳукумат қўшинлари ва қуролли мухолифат кучлари ўртасидаги қарама-қаршилик марказига айланганди. Кейинроқ можарога бошқа томонлар ҳам қўшилади: Россия ва Эрон Сурия ҳукумат кучларини, Туркия эса — Асадга мухолифатда бўлган ва мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятини назоратига олган гуруҳларни қўллаб-қувватлайди. 2020 йилда Россия ва Туркия иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув тузилганди.
Шу кунлардаги тўқнашув минтақада сўнгги тўрт йилликдаги энг йирик қуролли можаро бўлмоқда.
Исёнчилар ўз ҳаракатларини Сурия президенти Башар Асад кучлари томонидан йўлланган артиллерия зарбаларига жавоб деб атаган. CNN томонидан келтирилган баёнотда улар 13 та аҳоли яшаш манзилларини, жумладан стратегик аҳамиятга эга бўлган Урм-ас-Сугра ва Анжара шаҳарларини, 46-базани (режимнинг ғарбий Ҳалабдаги энг йирик базаси) эгаллаб олгани, шунингдек, ҳукумат кучларига тегишли бўлган қуроллар ҳамда транспорт воситаларини қўлга киритганликларини маълум қилишган.
Ижтимоий тармоқларда гувоҳлар томонидан тасвирга олинган роликлар тарқалган, уларда Ҳалабнинг ғарбий қисмида кўкка кўтарилган тутун устунларини кўриш мумкин. Яна бир видеода исёнчилар қўшини жангчиси Асаднинг портретини йиртиб ташлаётгани акс этган — бу видео Анжарада олинган. Суриядаги давлат нашрлари эса тўқнашувлар ҳақида хабар бермаяпти.
kun.uz дан олинди.