Ассаднинг қонхўр оиласи


  • 9 Декабрь, 2024
  • 47

Сурияда 14 йилдан давом этган гражданлар урушида мухолифлар Ассад режимини пароканда қилди. 27 ноябрда Халабда бошланган тўқнашувлар натижасида Сурия миллий армияси Шомни қўлга қиритди. Режим чўкиши билан Ассад оиласи ўлкадан қочди. Қуйида сунний мусулмонларга душман бўлган ва шиаликнинг нусайрия жамоатига мансуб Ассад оиласининг Сурияда бошқарувга қандай келганини маълум қиламиз.

Араб социалистик Баас партияси Сурияда 1963 йил давлат тўнтариши орқали ҳукумат тепасига келди. 1970 йили партия ичидаги низолардан фойдаланган Башар Ассаднинг отаси Ҳофиз Ассад бошқарувни қўлига олди. 1971 йили Сурия президенти бўлди. Ассад оиласининг асл фамилияси ваҳший маъносига келувчи “Ваҳш” эди. Лекин боболари Али Сулаймон бу фамилияни ўзгартириб, “Ассад”ни танлади.

Шу тариқа аҳолисининг кўпи сунний бўлган Сурияда бошқарув шиаликнинг нусайрия тармоғига алоқаси бўлган Ассад ҳукмронлигига ўтди. Бу билан Сурияда Баас режими билан бошланган зулм даври Ассадлар даврида чўққига чиқди. Юз минглаб мухолиф зиндонларда қийноққа солиб ўлдирилди.

Ҳофиз Ассад ўз ўрнини катта ўғли Басил Ассадга қолдирмоқчи эди. Лекин Басил Ассад 1994 йили йўл транспорт ҳалокатида оламдан ўтди. Шундан кейин асл касби кўз шифокори бўлган Башар Ассадга президентлик йўли очилди. Башар Ассад 2000 йил 10 июнда отасининг ўлимидан кейин Баас режимининг бошига келди. У ҳам отасидек халқни эзиб-қийнашда давом этди.

Шунча зулмдан кейин Ўрта Шарқ ўлкаларига ёйилган Араб баҳори шамоли 2011 йил январда Сурияда ҳам эса бошлади. Кичик-кичик намойишлар илк бор 2011 йил 15 мартда Даръада кенг миқёсли намойишга айланди.

Даръада бошланган бу озодлик ҳаракати бутун босқинларга қарамай борган сайин катталашди. Аввал Хумс, унинг ортидан пойтахт Шомга ҳам ёйилди. Бунинг номи гражданлар уруши эди ва энди Сурияда ҳеч бир нарса аввалгидек бўлмасди.

Шиа Ассад бошчилигидаги Сурия армияси сунний аҳоли зич яшайдиган Халаб, Идлиб каби шаҳарлар билан бирга мухолифлар кўпроқ яшайдиган шаҳарларни тинмай бомбалади. Ёш болаю аёл демай минглаб одамлар ўлдирилди.

Ассад ҳукумати Туркиянинг “демократлашиш” чақириқларига йиллар мобайнида қулоқ тутмади. Иқтидорда қола олиш учун ўлкасини Россия ва Эрон аскарларига нишон қилди. Ўлкасининг бир қисми террор ташкилоти PKKнинг назоратига ўтишига қарамай ҳатто улардан ҳам мадад кутиб, Туркиядан ташқари ҳамма билан ҳамкорлик қилишга уринди.

Мухолиф кучлар 8 декабрь куни пойтахт Шомга кирди. Шу тариқа яна бир давр тарихга айланди. 61 йиллик Баас ва 54 йиллик Ассад зулми тарихнинг зулматли саҳифаларидан жой олди. 61 йиллик иқтидордан қолган нарса эса миллионлаб ўлим, қон, кўзёши ва қайғу бўлди.


Бошқа мақолалар