Дунёнинг энг қўрқинчли вулкани портлади


  • 24 Декабрь, 2024
  • 34

Гавайидаги Килауэа вулкани яна ҳаракатга келиб, юз берган портлашда олтингугурт оксиди атмосферага тарқалгани маълум қилинди. Мутахассислар бу газнинг атмосферадаги бошқа моддалар билан реакцияга киришиб “вог” номи берилган вулкан тутунига айланиши ҳақида огоҳлантиришди.

АҚШнинг Гавайи оролларида жойлашган ва дунёнинг энг фаол вулканларидан бири сифатида қабул қилинган Килауэа душанба куни яна ҳаракатга келди. АҚШ геологик тадқиқотлар марказининг хабарига кўра, маҳаллий вақт билан соат 02:00 да бошланган портлашда вулкан 80 метр баландликкача лава пишқирган.

Гавайининг Катта оролидаги Килауэа кальдерасида гигант ёриқлардан отилган лава билан бирга вулкан гази ва майда заррачалардан ташкил топган бир булут денгиз сатҳидан 1500-2500 метр баландликкача ёйилди.

Мутахассислар портлаш вақтида ҳавога кўтарилган олтингугурт оксид газининг атмосферада бошқа газлар билан реакцияга киришиб, “вог” номли вулкан тутунига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Вогнинг инсон соғлиги, ҳайвонлар ва ўсимликларга салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.

Килауэа 1983 йилдан буён фаоллигини давом эттирмоқда ва энг сўнгги бор сентябрь ойида фаоллашганди. Дунёнинг энг катта вулкани бўлган Мауна-Лоани ҳам ўз ичига олган Гавайи оролларидаги олти фаол вулкан орасида ўрин олган Килауэа кичик ўлчамларига қарамай юксак фаоллиги билан диққатни тортади. Ҳар йили минглаб сайёҳ бу вулкандан отилаётган лавани кўриш учун оролга оқиб келмоқда.


Бошқа мақолалар