Минглаб маҳкумлар қамоқдан қочди


  • 27 Декабрь, 2024
  • 26

Африканинг жануби-шарқидаги Мозамбик ўлкасида озодлик фронтининг (FRELIMO) номзоди Даниел Чапо ғалаба қозонган президентлик сайловининг ортидан бошланган тўқнашувлар чегарадан чиқди. Пойтахт Мапутодаги норозиликлар вақтида бир қамоқхонада исён чиқиб, маҳкумлар қўриқчиларга тегишли AK-47 автоматлари билан қочиб кетганлиги маълум бўлганди.

Мозамбик полиция бош қўмондони Бернардино Рафаэл қочиш вақтида 33 маҳкум ҳалок бўлганлигини, 15 нафари эса яраланганини билдирди. Рафаэл қамоқхонада 29 нафар террорда айбланиб қамалганлар ҳам борлигини ҳамда уларнинг қочганлар орасида эканлигини таъкидлади. У “Бу ҳолат ҳам мудофаа ва хавфсизлик кучлари сифатида бизларни, ҳам Мозамбик халқини хавотирга солмоқда. Намойишчилар маҳкумларни озод қилишни талаб этиб, қамоқхона деворларини қулатишди” деди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда маҳкумларнинг қамоқдан қочиш онлари ва хавфсизлик кучларининг уларни тутишга уринишлари тасвирланган. Баъзи маҳкумларнинг уйларга яширинишга уринганлиги, лекин кўпчилигининг қайта қўлга олинганлиги қайд этилди. Рафаэл қочоқ маҳкумларни ўз ихтиёри билан таслим бўлишга ва аҳолини улар ҳақидаги хабарларни масъулларга етказишга чақирди.

Ўлкада сўнгги воқеаларда қамоқхонадан қочган маҳкумларнинг сони 6 мингдан ошганлиги маълум бўлди.

Мозамбикда 9 октябрда ўтказилган президентлик сайловида иқтидордаги Даниел Чапо ғолиб бўлди. 65% овоз тўплаган Чапо биринчи бўлди, унинг рақиби Мондлане эса 24% овоз тўплади. Сайловдан кейин Мондлане тарафдорлари овозлар сохталаштирилганлигини иддао қилиб, сайлов натижаларини тан олмаслигини билдиришди. Душанба ва сешанба куни юз берган тўқнашувда 21 киши ҳалок бўлиб, 21 октябрдан буён ўлганлар сони 151 нафарга етди.


Бошқа мақолалар