- 2024-07-04
Спутник тасвирлари тарихнинг энг вайронакор ёнғини билан юзма-юз қолган Лос Анжелесдаги бутун талофатларни кўрсатмоқда. Минглаб ўт ўчирувчилар олов билан курашаётганига қарамай зарар жуда катта бўлди. АҚШдан келган тасвирлар худди жанг майдонини эслатади. Қурбонлар сони ортиши билан миллий гвардия ҳам ёрдамга чақирилди. Машҳур актёрлар ўз виллаларини тарк этишди. 100 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди. Голливуд юлдузларининг миллион долларлик қасрлари ҳам орасида бўлган минглаб уйлар ёниб кулга айланди.
АҚШнинг Калифорния штатидаги Лос Анжелесда 7 январь куни бошланган ўрмон ёнғинлари кучайиб бормоқда. Масъуллар шиддатли шамол орқали шаҳарнинг люкс маҳаллаларига ёйилган ёнғиннинг олти алоҳида туманда давом этаётганлигини, қурбонлар сони 6 кишига етганлиги ва кўплаб одамлар жароҳат олганлигини маълум қилди.
Ораларида миллион долларлик уйлар ҳам бўлган икки мингга яқин иншоот ёниб кулга айланди. Етти ярим минг ўт ўчирувчи курашаётган ёнғин шаҳарнинг Голливуд қисмига ҳам ёйилди.
Пэрис Хилтон, Мэнди Мур, Кэри Элвес, Лейтон Мистер ва Адам Броди каби машҳур жуфтликлар уйларидан айрилди. Санъаткорлар ёнғин билан курашишда муваффақиятсиз бўлган штат ва шаҳар бошқарувини танқид қилди.
Фавқулодда ҳолат эълон қилинган 1 миллионга яқин уй ва ишхоналар электрсиз қолган минтақада мактаблар ҳам бекилди. Италия сафарини бекор қилган АҚШ президенти Жо Байден штат губернаторининг табиий офат билан курашишини енгиллаштириш учун федерал ёрдамни имзолаганлигини билдирди. АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп эса Байден бошқарувини қаттиқ қоралади. Ижтимоий тармоқда берган хабарида ёнғинларнинг “Байден ва Калифорния губернатори Гавин Нюсом жуфтлигининг қобилиятсизлиги ва ёмон бошқаруви” сабабли келиб чиққанлигини айтди. Ёнғинни ўчириш учун сув ҳавзаларида сув бўлмаганлигини айтган Трамп губернатор Нюсомнинг истеъфосини талаб қилди.
Бундан ташқари Лос Анжелес мэри Карен Басс ҳам ёнғинлар давом этаётган бир вақтда Ганадаги расмий зиёратидан зудлик билан қайтмаганлиги учун норозиликларга нишон бўлди.
Тахминларга кўра, ёнғиндан кўрилган зарар 60 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. Мэр Басс: “Ҳаммамиз бунинг кўрилмаган бир ҳолат эканлиги биламиз. Ёнғинни ўчириш учун гидрантлардаги сув бу каби катта ёнғинларга мўлжалланмаганлигини ҳам биламиз. Шиддатли шамол туфайли ёнғин кучайиб, ён-атрофга ҳам ёйилди. Ёнғиннинг бунчалик ҳалокатли бўлиш сабаби бу қаттиқ шамол”, деди.
Лос Анжелес ўт ўчириш хизмати бошлиғи Антони Маррон берган интервьюсида: “Қўлимиздан келган ишнинг энг яхшисини ишлаяпмиз. Лекин Лос Анжелес шаҳрида бундай ёнғинларни бартараф этадиган етарлича ўт ўчирувчилар йўқ”, деди.
Расмий президентлик лавозимига ўтиришига 10 кун қолган Трамп: “Американинг энг яхши ва энг чиройли жойларидан бири ёниб кулга айланмоқда. Гавин Нюсом истеъфо этиши керак. Буларнинг барчаси унинг айби”, деди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Пасифик Палисадесда 17 минг 234 гектар, Алтаденада 13 минг 600 гектар, Сан Фернандонинг шимолидаги Хурст ёнғинида 855 гектар, Актон яқинида 348 гектар, Голливуд Хиллсда 60 гектар майдон ёниб кулга айланган.