Лос Анжелесдаги ёнғинларнинг сабаблари


  • 13 Январь, 2025
  • 27

Америкалик миллиардер, Х ижтимоий тармоғи эгаси, SpaceX ва Tesla компаниялари бош директори Илон Маск Лос Анжелесдаги ёнғинлар ҳақида фикр билдирди.

У ўзининг фикрини Х ижтимоий тармоғи орқали эълон қилди.

Хабарда “Иқлим ўзгариши ҳақидаги изоҳлар тўғри бўлганда Калифорниядан ўрмон майдони икки баравар кўп бўлган Техасда ёнғинлар ҳам икки баравар кўп бўлиши керак эди”, дейилган.

Миллиардернинг фикрича, иқлим ўзгариши юз бераётгани тўғри, лекин жуда секин.

Маск “Лос Анжелесдаги асосий муаммолар бу – ёнғинга қарши йўлаклар барпо қилинмаганлик ва буталардан тозаланмаганлик, бундан ташқари етарлича сув заҳираси тўпламаганлик ҳамда штат, округ ва шаҳар даражасида бошқарув жуда ёмон бўлганликдир” деб гапирди.

Эслатиб ўтамиз, Лос Анжелесдаги ёнғинлар ҳанузгача жуда критик ҳолатда қолмоқда. Қурбонлар сони 16 кишига етди. 12 мингдан ортиқ уй кулга айланган, машҳур актёрлар ва миллиардерлар яшайдиган Пасифик-Палисейдс шаҳарчасида ёнғин майдони катталашиб, 9500 гектар майдон ёниб кетган.

Сўнгги кунларда 180 мингдан ортиқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Маҳаллий ҳокимият ёнғин оқибатида ҳаво сифати ёмонлашгани учун аҳолига кўчага камроқ чиқишни тавсия қилган.

Президент Байден ёнғинларни йирик табиий офат деб эълон қилиб, АҚШ ҳукумати қайта тиклашга кетадиган харажатларни 100% қоплашини билдирди.


Бошқа мақолалар