- 2014-02-28
Исроил полицияси мамлакат бош вазири Биньямин Нетаняҳунинг рафиқаси Сарага нисбатан жиноий тергов бошлади. У гувоҳни қўрқитиш ва турмуш ўртоғига қарши коррупция ишига аралашишда гумон қилинмоқда.
Давлат юридик бошқармаси якшанба куни Сара Нетаняҳуга нисбатан тергов 2024 йил 26 декабрда очилганини тасдиқлади.
“Тергов Исроил полицияси томонидан Давлат юридик бошқармаси ҳузуридаги кибержиноятларга қарши бўлим билан ҳамкорликда олиб борилмоқда”, – дейилади хабарда.
Текширув "Увда" дастурининг Исроилнинг 12-каналидаги журналистик суриштирувидан сўнг бошланган. Дастурда айтилишича, Сара Нетаняҳу турмуш ўртоғининг ёрдамчиси Ханни Блайвайссга калит гувоҳлардан бири – Хадас Кляйнга қарши интернетда кампания ва норозилик намойишларини ташкил қилишни буюрган.
Кляйн – "1000-иш" бўйича гувоҳлик бераётган шахслардан бири. Мазкур иш доирасида бош вазирга қимматбаҳо совғалар, жумладан, сигара, шампан ва заргарлик буюмларини ноқонуний равишда қабул қилиш айби қўйилган. Ушбу совғаларнинг катта қисми Сара Нетаняҳунинг сўрови билан буюртма қилингани иддао қилинмоқда.
Сара Нетаняҳу Кляйнга босим ўтказиш ишига алоқадорлигини рад этди. У 2019 йилда давлат маблағларини мақсадсиз сарфлагани учун айбдор деб топилган ва айбини тан олиш битими асосида судланган эди. У бош вазир резиденциясида ошпаз штати мавжуд бўлишига қарамай, 50 минг доллардан ортиқ маблағни ресторандан овқат буюртма қилиш учун сарфлаган.
Биньямин Нетаняҳунинг коррупция бўйича суд жараёни 2020 йил январь ойида бошланган. У суд олдида жавобгарликка тортилаётган биринчи амалдаги бош вазирга айланган. Унга фирибгарлик, ишончни суиистеъмол қилиш ва пора олиш айбловлари қўйилган. У бу айбловларни бир неча маротаба рад этиб, ўзини айбсиз деб ҳисоблашини маълум қилган.
Шунингдек, 10 декабр куни бош вазир Тель-Авив округ судида учта жиноий иш – коррупция, фирибгарлик ва суиистеъмол қилиш бўйича илк бор кўрсатма берди. У барча айбловларни инкор этиб, уларни “абсурд” ва “сиёсий қатағон” деб атади.