АҚШ 66 та халқаро ташкилотдан чиқмоқчи


  • 8 Январь, 2026
  • 25

Америка етакчиси Дональд Трамп мамлакатнинг 66 та халқаро ташкилотдан, жумладан, маъмурият баҳосига кўра иштирок этиши Қўшма Штатлар манфаатларига зид бўлган БМТ тузилмаларидан чиқиши тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати “X” ижтимоий тармоғида маълум қилди. Маълумотларга кўра, гап Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 31 та тузилмаси ва БМТ тизимига кирмайдиган 35 та ташкилот ҳақида бормоқда.

Оқ уйнинг тушунтиришича, ушбу қарор АҚШ аъзо бўлган ҳамда Вашингтон томонидан молиялаштириладиган ёки қўллаб-қувватланадиган халқаро ташкилотлар, конвенциялар ва шартномалар текширувидан сўнг қабул қилинган.

Бу ташкилотлардан чиқиш америкалик солиқ тўловчиларнинг маблағларини тежаш ва Оқ уй баҳосига кўра, АҚШ устуворликларига зарар етказган ҳолда глобалистик дастурларни илгари сурадиган ёки муҳим масалаларни шу даражада самарасиз ҳал қиладиган тузилмалардаги иштирокни тўхтатиш имконини беради. Меморандумда айтилишича, федерал маблағларни бошқа мақсадларга йўналтириш маъқулроқ деб топилган.

Ушбу ташкилотларнинг аксарияти радикаль иқлим ташаббусларини, глобал бошқарувни ва Қўшма Штатлар суверенитети ҳамда иқтисодий қудратига зид бўлган мафкуравий дастурларни илгари сурмоқда, дейилади ҳужжатда.

Таъкидланишича, америкалик солиқ тўловчилар бундай тузилмаларга минимал қайтим билан миллиардлаб доллар сарфлаганлар, ваҳоланки бу ташкилотларнинг баъзилари АҚШ сиёсатини танқид қилади, Америка қадриятларига зид дастурларни тарғиб қилади ёки катта бюджетларга қарамай, сезиларли натижаларга эришмайди.

Федерал агентликларга ҳужжат кўрсатмаларига мувофиқ, ушбу ташкилотлардаги иштирок ва молиялаштиришни тўхтатиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Трамп расман лавозимига киришганидан кейинги илк қарорларидан бири АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиши бўлган эди. У, шунингдек, АҚШнинг Париж иқлим келишувидан қайта чиқиши ҳақидаги фармонни ҳам имзолаган.


Бошқа мақолалар