- 2021-12-22
3 февраль куни Москвадаги Авиация кўчасида жойлашган “Алие паруса” элита турар-жой мажмуасида кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса натижасида бир неча киши оғир жароҳат олди. Дастлабки маълумотларга кўра, икки киши ҳалок бўлган, улардан бири 46 ёшли Армен Саркисян — “Арбат” батальонининг асосчиси бўлган.
Жабрланувчилар орасида уй аҳолиси ва консъерж ҳам бор.
Олдинги маълумотларга кўра, бинога кириш жойида масофадан бошқариладиган қўлбола портловчи қурилма ўрнатилган бўлган. У Саркисян бино холлида бўлган пайтда портлатилган. Терговчиларнинг дастлабки тахминига кўра, терактда асосий нишонга олинган шахси айнан Саркисян бўлган.
Портлаш натижасида Саркисян оғир жароҳат олган ва реанимацияга олиб кетилган. Россия ОАВ хабарига кўра, у ҳушига келмасдан вафот этган.
Армен Саркисян Арманистонда туғилган, аммо ёшлигида Горловкага кўчиб ўтган. 2022 йил сентябрда у “Донбасс Ёввойи дивизияси” таркибида Арман батальони тузилганини эълон қилган. 2023 йил ёзида бу батальон Россия Мудофаа вазирлиги тизимига қўшилган.
Ҳозирда полиция кузатув камераларини текширмоқда, гувоҳларни сўроқ қилмоқда.
"Жиноятни содир этган шахсни аниқлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда", — дейилади расмий баёнотда.
Айрим ОАВ маълумотларига кўра, портловчи қурилмани уйга курьер олиб келган бўлиши мумкин. Портлаш кучини тротил эквивалентида бир килограммгача баҳолашмоқда.
Бундан аввалроқ Москвадаги Рязан проспектида ҳам қўлбола портловчи қурилма портлаган, натижада икки киши ҳалок бўлган. Улардан бири Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов эди.