Австрияда қонли фожеа рўй берди


  • 11 Июнь, 2025
  • 18

Австриянинг Грац шаҳридаги мактаблардан бирида отишма содир бўлди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.

Сўнгги маълумотларга кўра, 11 нафар киши ҳалок бўлгани тасдиқланган, яраланганлар сони эса бундан анча кўп. Кўплаб жароҳат олганлар оғир аҳволда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, отишмани амалга оширган шахс — ушбу мактабда ўқиган ўқувчи бўлган. У, тахминларга кўра, икки синфга кириб, ўқ узган. Гувоҳларнинг айтишича, тахминан 20 та отишма овози эшитилган. Ҳужумдан кейин гумонланувчининг жасади мактабнинг ҳожатхонасида топилган — у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

Илк маълумотларга кўра, ўспирин ўзини таъқиб қурбони деб ҳисоблаган.

Ҳозирда воқеа жойида полиция ва махсус «Cobra» бўлинмаси иш олиб бормоқда. Мактаб тўлиқ муҳосарага олинган ва бинода тинтув ишлари олиб борилмоқда.

Австрияда барча ички сиёсий тадбирлар бекор қилинди. Ички ишлар вазири Герхард Карнер воқеа жойига шошилiнч равишда етиб борган. Ҳукумат фуқаролардан махсус операция давом этаётган ҳудудга яқинлашмасликни сўрамоқда.

Бир ўқитувчининг турмуш ўртоғи маълум қилишича, унинг рафиқаси бир неча отишмани эшитгач, ўқувчилар билан синфда беркиниб олган.

Шу билан бирга, қочиб қутулган болаларнинг ота-оналари фарзандлари билан учрашишига рухсат берилди.

Жароҳат олган ўқувчиларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Швецияда мактабда содир бўлган отишма натижасида 10 киши ҳалок бўлган эди. Ўшанда бу воқеа мамлакат тарихидаги “энг йирик оммавий отишма” деб баҳоланган.


Бошқа мақолалар