- 2017-05-25
АҚШ президенти Дональд Трамп трансгендерларнинг аёллар мусобақаларида иштирок этишини тақиқловчи фармонга имзо чекди.
Оқ уй сайтининг хабар беришича, Трамп ушбу фармонни “аёллар ва қизлар учун хавфсиз ва адолатли спорт муҳитини ҳимоя қилиш мақсадида” имзолаган.
Ҳужжатни имзолаш маросимига турли ёшдаги спортчи қизлар ва аёллар таклиф қилинди.
“Бундан буён аёллар спорти фақат аёллар учун бўлади. Ушбу фармон билан аёллар спортига қарши уруш тугади”, – деди Трамп.
Фармон матнида қайд этилишича, сўнгги йилларда АҚШда кўплаб таълим муассасалари ва спорт уюшмалари эркакларга аёллар мусобақаларида иштирок этишга рухсат берган.
“Бу аёллар ва қизлар учун таҳқирли, ноҳақ ва хавфлидир. Бу уларни спортда иштирок этиш ва муваффақият қозониш имкониятидан маҳрум қилади. (…) АҚШ сиёсати кенг маънода аёллар спортида эркакларнинг иштирок этишига қарши туриши лозим, чунки бу хавфсизлик, адолат, шаъни ва ҳақиқат масаласи ҳисобланади”, – дейилади ҳужжатда.
Таълим вазирлигига фармон талабларини қатъий бажариш ва зарур ҳолларда трансгендер спортчиларга рухсат берувчи таълим муассасалари учун молиялаштириш шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Янги қоидалар асосан мактаб, университет ва ҳаваскорлик спорт мусобақаларига тааллуқли бўлади. Аммо Трамп 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпиадага қадар Халқаро Олимпия Қўмитасидан (ХОҚ) ҳам ушбу қоидаларни ўзгартиришни талаб қилишини маълум қилди.