Андалусдан Маккага от устида


  • 7 Февраль, 2025
  • 33

Испаниядан 500 йил олдин Ҳаж йўли бўлган йўналишни "Hajj on Horseback" (“От устида ҳаж”) жамоаси қайта босиб ўтмоқда. Йўлни кузатиб, Ҳаж сафарига чиққан испаниялик мусулмонлар Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевога етди. Тарихий Андалус меросини ёдга солаётган карвон Босния ва Герцеговинадан кейин Косово, Шимолий Македония, Болгария ва Туркия орқали йўлини давом эттиради.

Испаниянинг жанубидан Андалус мусулмонларининг 500 йил олдинги ҳаж йўлини қайта тиклаш ва ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида 3 ой олдин отлари билан сафарга чиққан Абделкадер Харкасси, Абдуллоҳ Эрнандес ва Тариқ Родригес Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевога етиб келди.

Абдуллоҳ Эрнандес раҳбарлигидаги “Hajj on Horseback” жамоаси бошқалар томонидан катта қизиқиш ва илиқ муносабат билан кутиб олинди.

Ўтган кузда сафарни бошлаган ва 2025 йилги ҳаж мавсумида Маккага етишни мақсад қилган гуруҳ, 5 аср олдин Андалус мусулмонлари фойдаланган ҳаж йўналишини қайта тиклашни хоҳламоқда.

Жамоа мураккаб сафарнинг жисмоний ва иқлимий қийинчиликларига тайёргарлик кўриш учун Испания ва Португалияда 3 йил давомида юзлаб километрлик сафар билан машқ қилган.

Йўл давомида орттирган тажрибалари ва учраган гўзалликларини ижтимоий тармоқларда бўлишиб бораётган жамоа, узоқ сафар учун махсус тайёрланган чидамли араб отларидан фойдаланаётганини таъкидлади.

Жамоанинг сафарга оид тақдимот баёнотида қуйидаги сўзлар айтилган:

“Бу лойиҳа фақатгина Андалуснинг христианлар томонидан эгалланиши натижасида йўқолган тарихий ҳаж йўналишини қайта тиклаш эмас, балки бу тажриба ва тарихий меросни қайта жонлантиришни ҳам мақсад қилган.”

8 минг километрлик Ҳаж сафарини амалга ошириш учун Испаниянинг жанубидан йўлга чиққан ҳаж сайёҳлари Франция, Италия, Словения ва Хорватия орқали ўтиб, Босния ва Герцеговинадан кейин Косово, Шимолий Македония, Болгария ва Туркия орқали сафарни давом эттиради.


Бошқа мақолалар