Жанубий Кореяда уйлар бомбаланди


  • 7 Март, 2025
  • 15

Камида 15 киши Жанубий Кореяда яшаш уйларига тасодифий равишда бомба тушиши оқибатида жабрланган.

"Ҳодиса натижасида 15 киши, жумладан, икки ҳарбий ва икки хорижлик ватандош турли даражада тан жароҳати олди", — дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ етти нафар жабрланувчи ҳақида маълум қилинган эди.

Ўт ўчириш хизмати маълумотига кўра, икки эркак жиддий жароҳат олиб шифохонага ётқизилган, бироқ уларнинг ҳаётига хавф йўқ. Яна саккиз киши енгил жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

Ҳокимият жабрланганлар сони ошиши мумкинлигини билдирмоқда, чунки яна бир нечта одам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Шунингдек, 50 га яқин маҳаллий аҳоли ҳодиса жойидан хавфсиз масофада жойлашган шаҳар маъмурий биносига кўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 март куни Жанубий Кореянинг Кёнгидо вилоятидаги Пхочхон шаҳрида Синчжин полигонида ҳарбий машғулотлар ўтказилган.

Унда Жанубий Корея ҲҲК (ҳарбий-ҳаво кучлари), жумладан, F-35A, F-15K, KF-16 ва FA-50 жанговар самолётлари, қуролли кучлар ва мамлакатда жойлашган АҚШ ҳарбий бўлинмалари қатнашган.

Машғулотлар давомида KF-16 қирувчи самолёти MK-82 туридаги саккизта бомбани ташлаган, лекин улар полигон ҳудудидан ташқарига — Пхочхон шаҳрига қарашли Ногок қишлоғига тушган.

Бомба тушиши натижасида 5 та яшаш уйи, 1 та омборхона, 1 та черков, 1 та иссиқхона, 1 та юк машинаси зарар кўрган.

Ҳодисадан сўнг Жанубий Корея ҲҲК расман узр сўраб, қуйидаги баёнотни берди:

"Биз ноодатий ҳолат сабабли бомбалар тушиб, зарар етганидан афсусдамиз ва жабрланганларнинг тезроқ тузалишини тилаймиз. Барча зарур чораларни кўрамиз, жумладан, етказилган зарар учун компенсация тўлаймиз", — дейилган ҲҲК баёнотида.


Бошқа мақолалар