Найробида фожиа


  • 21 Апрель, 2025
  • 21

Кения пойтахти Найробининг ёнида жойлашган осойишта қишлоқ уйида тинчлик бир зумда фожиага айланди. 14 ёшли қизалоқ яшаб турган хонадонга кириб келган шер уни олиб қочди. Орадан кўп ўтмай, Мбагати дарёси соҳилидан унинг сўнгги манзили — жонсиз жасади топилди.

Қон тўкилишининг гувоҳи бўлган бу мудҳиш воқеа нафақат маҳаллий аҳоли, балки бутун мамлакатни ларзага солди. Баъзида ер юзида табиат ва инсон бир-бири билан қарама-қарши қўйилади. Бу гал табиат ютиб, инсон яна қурбон бўлди.

Кения Ёввойи Табиатни Қўриқлаш Хизмати (KWS)нинг маълум қилишича, воқеа Найроби Миллий Паркининг чекка ҳудудида содир бўлган. Айнан шу паркда шер, леопард, буйвол, жираф ва гепард каби ёввойи ҳайвонлар яшайди. Паркнинг уч томони панжара билан ўралган бўлса-да, жанубий қисми — ҳайвонлар эркин ҳаракатланиши учун очиқ қолдирилган. Аммо бу очиқлик энди инсон ҳаётига таҳдидга айланиб бормоқда.

Қизалоқнинг жасадини топиш учун ҳаракатга келган KWS жамоалари ҳужум қилган шерни ҳалигича топа олмади. Аммо уни қўлга тушириш учун ҳудудга махсус тузоқлар ўрнатилган ва кенг кўламли қидирув ишлари бошланган.

Афсуски, бу — якка ҳолат эмас. Ўша куни Найробидан 130 километр узоқликда жойлашган Нйери ҳудудида фил ҳужуми оқибатида яна бир инсон — 54 ёшли эркак ҳалок бўлди. Унинг қовурғалари синган, ички аъзолари эзилган. Шифокорлар бор кучини ишга солди, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

WildlifeDirect ташкилоти раҳбари Паула Кахумбу бу каби воқеалар “тасодиф эмас, балки тизимли етишмовчиликлар натижаси” эканини очиқ тан олди. У хавф юқори бўлган ҳудудларда ёввойи ҳайвонларнинг ҳаракатини реал вақтда кузатиш, аҳолига огоҳлантирув тизимларини жорий қилиш ва махсус ҳимоя инфратузилмасини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Ҳимоя — фақат девор эмас, балки доимий диққат, технология ва одамларни ҳимоя қилишга бўлган саъй-ҳаракатдир. Кения бу ҳақиқатни яна бир бор оғриқ билан ҳис қилди.


Бошқа мақолалар