Парацетамол безарарми ёки хавфли?


  • 24 Сентябрь, 2025
  • 23

Ҳомиладорликда парацетамол истеъмол қилиш хавфли эканини иддао қилган АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотига жавобан мутахассислар бу иддаони қўллаб-қувватлайдиган илмий далиллар йўқлигини таъкидлашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп матбуот анжуманида ҳомиладорликда парацетамол асосидаги оғриқ қолдирувчи Tylenol дори воситасини қўллаш болаларда аутизм хавфини оширади, деган иддаони айтди. Шу муносабат билан Трамп Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалада янги тартиблар ишлаб чиқишини ва тиббий зарурат бўлмаса, ҳомиладор аёлларга Tylenol истеъмолини чеклашни тавсия қилди.

Трамп юқори иситма ҳолатида ушбу дори ягона вариант эканини тан олди, аммо аутизм билан боғлиқ илмий тафсилотларни келтирмади.

Tylenol АҚШда асетаминофен, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатларда эса парацетамол номи билан маълум бўлиб, АҚШда рецептсиз сотиладиган оғриқ қолдирувчи восита ҳисобланади. У бутун дунёда оғриқ ва иситма даволашда кенг қўлланилади.

Содда оғриқ қолдирувчи бўлишига қарамай, дорини осон қўлга киритиш айрим ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Ортиқча ва асоссиз дори қабул қилиш дунёдаги энг хавфли ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Аутизм мавзусини тадқиқ қилувчи, илмни оммалаштирувчи Нариман Амантаевнинг айтишича, Дональд Трампнинг ҳомиладорлик пайтида Tylenol (парацетамол) истеъмоли натижасида аутистик бола туғилиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти илмий маълумотлар билан тасдиқланмайди.

Қарийб 2,5 миллион болани қамраб олган энг йирик тадқиқотлардан бири парацетамол истеъмоли билан аутизм, диққат етишмовчилиги (СДВГ) ёки ақлий ривожланиш бузилишлари ўртасида сабабий боғлиқликни аниқламади.

Бу натижалар япон олимларининг илмий ишлари билан ҳам тасдиқланган. 2025 йилда улар 220 минг боланинг ҳолатини ўрганиб, ушбу препаратдан фойдаланиш бола ривожига таъсир қиладими-йўқми, деган саволга жавоб излашди.

Шу орада олимлар ва шифокорлар ҳам Трампнинг сўзларини танқид қилиб чиқишди. Улар ҳам аутизм билан парацетамол қабул қилиш ўртасида аниқ далилланган боғлиқлик йўқлигини такрорлашди. Препаратни ишлаб чиқарувчи Kenvue компанияси ҳам бу иддаони тўлиқ рад этди. Америка акушерлик ва гинекология коллежи (ACOG) эса ушбу дорини ҳомиладорлик даврида оғриқни енгиллатиш ва иситмани тушириш учун энг хавфсиз воситалардан бири деб ҳисоблайди.

Аутизм – туғма, генетик ҳолат. Инсон унга эга бўлиб туғилади, уни кейинчалик касаллик каби орттириб олиш ёки даволаш мумкин эмас. Мутахассис фикрига кўра, аутизмнинг турли хусусиятларига турли генлар таъсир қилади. Шу боис, ҳозирча барча генетик хусусиятларни бирданига йўқ қиладиган дорини ишлаб чиқишнинг иложи йўқ.


Бошқа мақолалар