Ўзбекистон ўсмирлари Осиё чемпиони!


  • 21 Апрель, 2025
  • 31

Турнир мезбони Саудия Арабистонига қарши ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ Ўзбекистоннинг икки футболчиси майдондан четлатилганди.

20 апрел кун Саудия Арабистонининг Тоиф шаҳридаги «Қирол Фаҳд» стадионида ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал учрашуви бўлиб ўтди. Мезбонларга қарши майдонга тушган Ўзбекистон вакиллари қаҳрамонлик кўрсатиб, ишончли ғалабага эришди.

Биринчи бўлимдаёқ Ўзбекистон 9 киши бўлиб қолди: ўйиннинг 40-дақиқасида Нурбек Сарсенбаев, 45-дақиқада Миразиз Абдукаримов қатарлик ҳакам томонидан майдондан четлатилди.

Бу зарбалардан ўзбекистонликлар руҳиятини чўктирмади ва иккинчи бўлимни ҳужумкорлик билан бошлади. 50-дақиқада Муҳаммад Ҳакимов пеналтидан ҳисобни очди.

70-дақиқада эса дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжонов кетма-кет сейвлардан сўнг тезкор қарши ҳужумни бошлади, қанотдан олдинга ташланган Садриддин Ҳасанов рақиб посбони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни унинг оёқлари орасидан ўтказиб, иккинчи голни урди.

Ўйиннинг қолган қисмида ҳам Ўзбекистон вакиллари 9 киши ҳолатида ғалабани сақлаб қолиб, Осиё чемпионига айланди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистоннинг уч вакили индивидуал совринларни қўлга киритди: Неъматуллоҳ Рустамжонов — турнирнинг энг яхши дарвозабони; 5 та гол урган Асилбек Алиев — энг яхши тўпурар; Садриддин Ҳасанов — турнирнинг энг яхши футболчиси.

Ислом Исмоилов бошчилигидаги жамоа турнирни ўта кучли ўтказди: гуруҳ босқичида дастлаб Таиландни 4:1 ҳисобида мағлуб этган, иккинчи турда Хитой устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, гуруҳ босқичи ва жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилганди. Учинчи турда мезбон Саудия Арабистонига қарши расмиятчилик учун ўтказилган ўйинда ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қайд этилганди.

Плей-оффда эса аввалига БАА 3:1 ҳисобида таслим этилди, яримфиналда эса КХДР дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритилди, ҳолбуки шимолий кореяликлар чоракфиналда Индонезияни 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.

Энди бу жамоа 3–27 ноябр кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Бу Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси иккинчи бор Осиё чемпиони бўлишидир. Бунгача 2012 йил октябрида Эронда бўлиб ўтган турнирда Дилшод Нуралиев бошқарувидаги жамоа финалда Японияни мағлубиятга учратиб, Хиросима-1994 ўйинларидан кейин Ўзбекистонга миллий жамоалар даражасидаги иккинчи Осиё чемпионлигини келтирган эди.

kun.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар